Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида ҳунарманд Маликовларнинг “Санъат: кеча ва бугун” номли оилавий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазмада Абдуғофур Маликов – (1932-1977), Абдуносир Маликов ва Маъмура Пўлатоваларнинг амалий санъат йўналишидаги наққошлик, ганчкорлик, каштадўзлик, дўппидўзлик бўйича ижодий ишлар намойиш қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, Абдуғофур Маликов 1932 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Марҳумнинг отаси косиб бўлган. Ўғлининг ёнида ўтириб, расмлар чизишини кўрган ота унга алоҳида эътибор бера бошлади. Абдуғофур акани таниқли наққошга шогирдликка беради. Турли ҳажмдаги патнисларга товуслар, нақшлар, гуллар чизиб, уни сотиб кун кўра бошлашди.

Кўргазмага Абдуғофур аканинг “Хонтахта”, “Телевизор учун таглик”, “Патнислар”, “Кийим осадиган”, “Портрет учун рамка”, “Лаган” ҳамда ўша даврдаги фотосуратлари намойиш қилинмоқда. Отадан ўтган қобилият фарзандлари санъатнинг турли жанрларида ижод қилишига ундади.

Жумладан, Абдуносир Маликов 1960 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Мактаб даврида ганчкорлик тўгарагига қатнаган. Мактабни тугатгач, Ўзбекистон Халқ рассоми Маҳмуд уста Усмоновнинг қўлида ҳам ўқиган ва ҳам ишлаган. Бадиий жамғарма қошидаги халқ амалий санъати усталари бирлашмасида ўқишни тугатиб, ганч ўймакорлиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эга бўлган.

Устози билан бирга ишлаган пайтларда жуда кўп нарса ўрганди. Унинг биринчи ижоди “Занжира” ўйиш ишлари бўлган. Кейин тўгаракда гул чизишни ўрганган. Унинг биринчи чизган иши “Шарқона сайқал” бўлган.

Абдуносир ака 2000 йилда Малайзияда мадрасани безашда бевосита иштирок этган. Республикамизда барпо этилаётган кўплаб биноларда безаш ишларини бажариб келади. Кўргазмадан ана шундай иш жараёни акс этган фотосуратлар ҳам жой олган.

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. Ҳар йили ўтказиладиган “Халқаро Тасвирий ва амалий санъат фестивали” доимий иштирокчиси.

Кўргазмада Маликовлар авлоди Маъмура Пўлатованинг ҳам ижодий ишлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма жорий йилнинг 27 сентябригача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА