Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олиб улгуради.
Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига айланган. Бу муассасаларда нафақат таълим-тарбия, балки касб-ҳунарга бўлган меҳр-муҳаббат ҳам шакллантирилади.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан фарзандларимизнинг илк ёшлариданоқ ҳунармандчиликка бўлган қизиқишларини уйғотиш мақсадида уста-ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 592-ДМТТ тарбияланувчилари Наврўз этнографик боғидаги ҳунармандлар устахоналарига ташриф буюрди.
Бу ерда малакали ҳунармандлар томонидан кўргазмалар ташкил этилиб, болаларга мос санъат асарлари намойиш этилди. Таълим муассасаси тарбияланувчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишиб, ҳунармандчилик намуналарини яралиш жараёнига гувоҳ бўлишди. Учрашув якунида болажонларга ҳунармандчилик намуналаридан совғалар улашилди.
– Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотимизда 300 дан ортиқ болалар тарбияланади. Муассасамизда ҳам турли хил тўгараклар ташкил этилган бўлиб, болаларнинг ёшлигидан ҳунарга бўлган қизиқишини оширмоқдамиз. Наврўз этнографик боғида ташкил этилган ҳунармандлар билан учрашув болаларда катта таассурот уйғотди. Миллий бош кийимимиз бўлмиш дўппи, турли хил сўзаналарнинг тайёрланиш жараёнларини ўз кўзлари билан кўришди. Келажакда болажонларимиз орасидан ўз касбининг етук мутахассиси бўлган ҳунармандлар етишиб чиқишига ишонамиз, – деди муассаса раҳбари Лобар Абдуллаева.
Бу каби учрашув, маҳорат дарсларини ташкил этилиши болаларнинг қобилият ва истеъдодларини шакллантиришга, касб-ҳунаргa
бўлган қизиқиши ортишига сабаб бўлади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА