Ўзбек ҳунармандчилиги – каштачилик, гиламдўзлик, қуроқчилик, дўппичилик каби бир неча асрлардан бизгача етиб келган бу миллий анъаналармиз номоддий маданий мероснинг муҳим бўлагидир.
Ана шундай ҳунарни келажак авлодга етказиш йўлида фидойилик кўрсатаётган, кўплаб шогирдлар етиштираётган ҳунарманд – Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Сарбозор” маҳалласида истиқомат қилувчи ҳунарманд Гавҳар Астонақулов хонадонига бордик ва каштачилик, гиламдўзлик, дўппидўзлик ҳақида маълумотларга эга бўлдик. Ҳунарманд бизга қуйидагиларни гапириб берди:
– 2015 йилда нафақага чиққанимдан сўнг, онажоним ва қайнонамдан ўрганган каштачилик, гиламдўзлик, дўппидўзлик каби ҳунарлар билан қатъий шуғулланишга киришдим ва ўша йили Ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлдим, – дейди Гавҳар Астонақулова. – Ғаллаоролнинг ўзига хос бўлган аёллар миллий либослари желак, паранжи, ўдана, қасоба, туматак, эркакларнинг чакмон, яктак, тақия, тўн, белбоғларини қадимий услубда тайёрланиш тарихини қишлоқма-қишлоқ юриб, кекса момоларимиздан уларнинг тикилишини ўргандим, оилавий тадбиркорлигимни йўлга қўйдим.
[gallery-6200]
Мана 7 йилдирки ҳунармандчиликнинг бу сир-асрорларини аввал келинларим, қизларим ва қўшни қизларга ўргатдим. Ҳозирда миллий қадриятлар (касб-ҳунар ўргатиш) марказида ҳам миллий каштачилик санъатидан дарс бериб келаяпман. Ғаллаорол, Бахмал, Зомин, Шароф Рашидов, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрида ушбу миллий ҳунармандчиликни ўрганган юздан ортиқ шогирдларим борлиги ва улар эндиликда мустақил равишда ўз ҳудудларида фаолият олиб бораётгани, бу касбларни келажак авлодга мерос сифатида ўргатаётгани катта фахр. Зеро, ҳунарли хор бўлмас, кимгадир зор бўлмас, дейдилар.
Республика ва халқаро миқёсдаги фестиваль ва кўргазмаларда қатнашиб келаяпмиз. Ҳозирда келинларим билан биргаликда турли буюртмаларни бажариш билан бандмиз. Театрлар, олий таълим муассасалари, бадиий тўгараклардан мутахассислар ва санъаткорлар миллий каштачилик маҳсулотлари, либослар тайёрлаб беришимиз учун буюртма беради. Бу ишлар анча машаққат талаб қилса-да, айтган вақтларида тайёрлаб беришга ҳаракат қиламиз.
Миллий либослар дизайнери Ольга Рахманова ўндан ортиқ миллий либосларимизни олди. Ишимизга юқори баҳо берди. Бу биз учун катта эътироф. Биз тайёрлаётган қадимий келинлик, момолар, эркаклар ва боболар учун миллий либослар, гиламчалар, зардевор, ёстиқжилд, бўғчама, дўппилар, пойондоз, сўзана ва бошқа қадимий услубда яратилган, санъат асарлари даражасига кўтарилган маҳсулотлар бугун нафақат Ўзбекистоннинг, балки хорижликларнинг хонадонларида ҳам борлиги миллий ҳунармандчилигимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматнинг юксак баҳосидир.
А.Қаюмов ёзиб олди. Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА