Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳунарли киши хор бўлмас (+видео)
18:02 / 2024-09-13

Ҳунар инсоннинг зийнати. Айниқса, ҳар бир ишга меҳр бериб, ҳалол ёндашилса, рўзғор баракасини таъминлайди. Шу сабаб, ҳунарманд инсоннинг қўли мўъжизалар яратади.

Бугунги кунда юртимизда касбу кори бор, янги иш ўрни яратаётган тадбиркор борки, қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслар бугун минглаб хотин-қизларнинг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда. 

Халқимизда “Ташаббус бирники, самараси мингники”, деган ибратли нақл бор. Зеро, инсон манфаатларини кўзлаб қилинган ҳар бир иш замирида эзгулик мужассамлиги айни ҳақиқат. Назокат Зулфиқорова ҳам 3 йил илгари тикувчилик қилишни бошлаган. Таваккалчилик асосида 3 нафар ишчи билан чақалоқлар учун кийим тиккан бўлса, тайёр маҳсулотларга харидор топиш ҳам анча мушкул бўлганди. 

– Тадбиркорлигимизни 3 киши билан бошлаган вақтимизда маҳсулотларимизга мижоз топишга қийналганмиз, – дейди Назокат Зулфиқорова. – Ўзимиз бозорма-бозор юриб мижозларни қидирганмиз. Кейинчалик сифатли маҳсулот чиқара бошлаганимиздан кейин мижозларнинг ўзи буюртма бериб бошлаган. Банкдан нақд пулда 5 миллион сўм имтиёзли кредит олганманда, Тошкентга бориб мато олиб келганман. Сотган маҳсулотим эса 10 миллион сўм бўлган. Айрим пайтлари кечалари ишхонада қолиб кийим тиккан пайтларимиз бўлган. 2022 йил декабрь ойида 30 кун мобайнида Қорбобо кийими тикканмиз. Боғчалар, бозорга Қорбобо кийими етказиб берганмиз. Бугун ишлаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ҳар бир кишига имкониятлар берилмоқда. Хоҳиш бўлса бўлди, барча шароитлар бор. Ҳозирда бир ойлик даромадимиз 20-30 миллион сўмдан ошмоқда. 

Интилганга толе ёр, ҳаракатда барака дейишади. Назокат Зулфиқорова ҳам фаолиятининг дастлабки йилларида моддий қийинчиликларга дуч келган. Аммо орзу ва интилишларини амалга ошириш учун ҳаракат қилди. Мижозлар талабини ўрганган ҳолда мавсумий трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлади. Ҳозирда у қарийб 100 нафарга яқин хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаган. 

Инсоннинг энг катта бахти – ҳаётидан рози бўлиб яшаши. Бугун ишбилармон ва тадбирли тадбиркорларимизнинг кўплаб тармоқлардаги фаолияти самараси ўлароқ бўш иш ўринларининг яратилиши ҳамда аҳоли бандлигининг таъминланиши халқимизнинг фаровон турмушига хизмат қилмоқда. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mBgNyWG387Y" title="Hunarli kishi xor boʻlmas" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари