Шаҳрихон тумани йилдан-йилга юксалиб бораётган Андижон вилоятининг энг обод гўшаларидан бири ҳисобланади. Бу ҳудуд азал-азалдан ҳунармандлар, тадбиркорлар юрти, деб эътироф этилади. Айниқса, туманда ҳунармандчиликнинг пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш каби бир қатор йўналишларида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ҳунари ортидан даромад топиб, ўзи, қолаверса, юртни бой қилаётган ҳунармандлар жуда кўп.
Мамлакатимизда кейинги йилларда ҳунармандлар, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Уларга давлатимиз томонидан имтиёзли кредитлар ажратилмоқда, самарали иш олиб боришлари учун зарур шароитлар яратилаётир. Айни кунда туманда 500 нафарга яқин тадбиркор ва ҳунарманд аёллар давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Уларнинг аксариятини ҳунарманд аёллар ташкил этади. Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали биргина 2022 йилнинг ўзида хотин-қизлар учун 785 та янги иш ўрни яратилди.
Тумандаги Андижонлик маҳалласида яшовчи дўппидўз, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Ёрқиной Туйчиевани туманда танимаган одам йўқ. Чунки у қўли гул дўппидўз, ўзи тайёрлаган ранг-баранг дўппилар билан Шаҳрихон довруғини юртга ёймоқда. Энг асосийси, юзлаб ёшларга ҳунар ўргатиб, ҳунармандлар, дўппидўзлар сафини кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
– Дўппидўзлик ҳунарини раҳматли бувим ва онамдан ўрганганман, – дейди Ёрқиной Тўйчиева. – Умуман, дўппидўзлар сулоласининг тўртинчи авлодиман. Оилада беш қиз бўлганмиз, ҳаммамиз ушбу ҳунарни ўрганиб, шу ҳунар ортида ризқимиз баланд бўлди, эл-юрт ўртасида ҳурмат-эътибор топдик. Аввал, бувим Турғуной она, кейин онам Роҳатхон аядан дўппидўзликнинг нозик жиҳатлари, сир-асрорларини ўрганганмиз. Турмушга чиқиб ҳам ҳунаримни ташламадим. Қайнонам Ёқутхон ҳожи ая ҳамиша мени қўллаб-қувватлади, кўмак берди. Қолаверса, икки қизим ҳам уста дўппидўз бўлиб етишган. Улар ҳам ушбу ҳунарни давом эттириб келмоқда. келинларим Фаридахон, Зиёдахон, Минаввархон ҳам дўппидўзликни пухта ўрганиб олган. Бундан ташқари, ҳозиргача мендан ҳунар ўрганган 300 нафардан ортиқ шогирдларим мустақил равишда дўппидўзлик билан шуғулланишади.
– Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, – дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зиёдахон Бозорбоева. – Миллий либосларимиз, айниқса, ўзбекнинг дўпписи миллийлигимизни кўрсатувчи воситалардан биридир. Шу маънода миллий бош кийимимизни эъзозлаб, бошимиздан қўймай кийсак, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ миллий урф-одат ва анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий маънавият ва ўзлигимизнинг тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.
Бугун Ёрқиной опа шогирдлари билан “Куёв дўппи”, “Шаҳрихон дўпписи”, “Сирға гулли”, “Бодом гулли”, “Ёппа гулли” дўппиларни тайёрлаб келмоқда. Дўппидўз хонадонида тайёрланаётган сифатли, бежирим дўппилар нафақат Шаҳрихон, Андижон бозорларида, балки қўшни вилоятлар, қўшни Қирғизистон бозорларига ҳам етказиб берилмоқда.
– Дўппидўзлик ўзбек ҳунармандчилигининг ўлмас санъати, дўппи эса миллий либос, қадриятдир, – дейди Ёрқиной Тўйчиева. – Дўппи нафақат миллий кийим, балки бошқа турли вазифаларни бажариши билан ҳам аҳамиятлидир. Дўппи бошни иссиқ-совуқдан, шамоллашдан, чанглардан сақлайди. Қолаверса, қадимдан дўппи халқимизда бошнинг давлати ҳисобланган. Шу боис, халқимиз уни азалдан авайлаб-асраган, оёқости бўлишига йўл қўймаган.
Дўппига тикилган гуллар ҳам ўзига хос маъноларни англатади. Дўппининг тепа қисмидаги тўртта гул эркаклар саломатлигини тўрт томондан ҳимоялаб туришини, четларидаги ўн олти гул эса бош кийим соҳибининг серфарзанд ва оиласининг аҳил бўлиши тилагини англатади. Хотин-қизлар дўппиларидаги пат боғлами, қушлар тасвири оқилалик рамзи саналади. "Бодом" безаги эса ҳаёт ва унумдорлик тимсоли, "Илон изи" нақши эса турли балолардан асровчи тумор сифатида эъзозланган.
Ёқутхон опанинг хонадони шогирдлари, маҳалладаги дўппидўзлик ҳунарини ўрганиш истагидаги қиз-аёллар билан ҳамиша гавжум. Айни кунда 10 нафардан ортиқ шогирдларга ҳунар сирларини ўргатмоқда. Моҳир шогирдларидан бири Мунаввархон Ҳалимова ҳамиша устозининг ёнида, унинг яқин кўмакчисига айланган.
– Бир ҳафтада 200 дона дўппи тайёрланади, – дейди Минаввархон. – Ҳаммаси сотилиб кетади, айниқса, тўй мавсумларида буюртмаларни тайёрлаб бериш учун қаттиқ ишлашимизга тўғри келади. Опадан мен каби ҳунар ўрганган юзлаб аёллар бугун ўз хонадонида, шогирдлари билан дўппи тикиш билан шуғулланмоқда. Умуман, ушбу ҳунар ортидан жуда кўп оиланинг тирикчилиги ўтяпти.
Уста дўппидўз Ёрқиной опа ўтган йили яна бир хайрли ишга қўл урди. У Андижонлик маҳалласида жойлашган туман халқ таълими бўлимига қарашли 3- умумтаълим мактаби ўқувчи қизларига дўппидўзлик ҳунарини ўргатиш ташаббуси билан чиқди. Ўқувчи қизлар дарсдан бўш вақтларида опанинг хонадонига келиб, дўппидўзлик ҳунарини ўрганмоқда.
– Ҳукуматимизга, Президентимизга раҳмат, – дейди Ёрқиной Тўйчиева. – Юртимизда мен каби минглаб ҳунармандарнинг самарали иш олиб бориши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда, халқимизнинг дўппидўзлик борасидаги қадим анъаналари давом эттирилмоқда. Қолаверса, камтарона меҳнатларимиз эътироф этилмоқда.
[gallery-10858]
Дўппидўз Ёрқиной опа турли йилларда жуда кўп тадбирлар, танловларда фаол иштирок этди. “Ташаббус” танловининг туман босқичида ғолиб бўлди, вилоят босқичида совриндорлар қаторидан жой олди. Республика, вилоят миқёсида ўтказилган “Дўппи куни”, Миллий ҳунармандчиликни, туризмни ривожлантириш йўналишидаги тадбирларда, Тошкентдаги Экспомарказда ташкил этилган савдо-кўргазмаларида кўп маротаба иштирок этиб, диплом, фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланган. Бундан ташқари, опанинг самарали меҳнатлари эътироф этилиб, 2021 йилда Президентимиз фармони билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Бугун беш фарзанд, 16 нафар набира, 4 нафар чевараси ҳамда юзлаб шогирдлари куршовида, эъзозида умргузаронлик қилаётган Ёрқиной опанинг умр йўллари кўплар учун ибрат мактабидир. У сингари ҳунари, ҳалол меҳнати ортидан ризқ топаётган, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган опа-сингилларимиз ҳамиша омон бўлсин.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА