French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳумоюн Султонов "Дэвис кубоги"да маҳоратини намойиш этади
14:01 / 2025-09-11

Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Ҳонг Конгдаги “Victoria Park Tennis Stadium” мажмуасида теннис бўйича эркаклар ўртасидаги "Дэвис кубоги" мусобақаси ўтказилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси II Жаҳон гуруҳининг биринчи босқичи доирасида Ҳонг Конгга қарши баҳс олиб боради.

Мазкур учрашувда терма жамоамиз сафида Ҳумоюн Султонов, Сергей Фомин, Максим Шин, Амир Милушев, Дамир Абдусамадов каби иқтидорли теннисчилар иштирок этади.

Шу ўринда, маҳоратли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. 1998 йилда Наманганда таваллуд топган теннисчимиз 2014 йилдан буюн “ITF” ва “ATP” томонидан ташкил этиладиган нуфузли турнирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Ҳумоюн Султонов турли ёш тоифаларида бир неча бор Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида ғолиб бўлди. Маҳаллий мусобақаларда тобланган теннисчимиз 2019 йили Қарши шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан ташкил этилган “Karshi open” турнирининг яккалик баҳсларида бош совринни қўлга киритди. Шунингдек у 2020-2024 йиллар давомида турли давлатларда ўтган “Kalaburagi”, “Idanha-a-Nova”, “Astana – President’s Cup”, “Chandigarh”, “Doha”, “Vale do Lobo”, “Jablonec nad Nisou”, “Prague” каби бир қатор турнирларда бош совринга эга чиқди. Жорий йилда Франция, Испания, Португалия, Чехия, Италия, Греция мамлакатларида ўтказилган халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этди.

Теннисчимиз терма жамоамиз сафида 2019 йили июль ойида Неаполь (Италия) шаҳрида бўлиб ўтган Ёзги Универсиада ўйинларида яккаликлар ўртасида кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Санжар Файзиев билан биргаликда жуфтлик беллашувларида ғолиб чиқиб, олтин медалга эга чиқди. Жамоавий беллашувларда эса чемпионга айланди. 2023 йилнинг сентябрь ойида Ханчжоу (Хитой) шаҳрида ташкил этилган Осиё ўйинларида яккалик баҳсларини бронза медали билан якунлади.  

Шунингдек, профессионал теннисчи сифатида “Катта дубулға” туркумидаги “Wimbledon”, “US Open”, “Roland Garros” ва “Australian Open” мусобақаларининг турли босқичларида мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Теннис бўйича терма жамоаларнинг норасмий жаҳон чемпионати дея эътироф этилувчи “Дэвис кубоги” мусобақасида Ҳумоюн Султонов Ўзбекистон термаси сафида 2018 йилдан буён иштирок этади.

Умид қиламизки, ҳозирги кундаги мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси “Дэвис кубоги”нинг II Жаҳон гуруҳи биринчи босқичи доирасида Ҳонг Конгга қарши ўтадиган учрашувда ўзининг ёрқин ўйинини намойиш этиб, жамоамизнинг муҳим ғалабасига ҳисса қўшади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА