English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ҳумо» миллий банклараро тўлов тизими»: миллатга тегишлими?
14:04 / 2025-12-09

ёхуд хусусий ташкилот номида “миллий”, “давлат”, “республика” сўзларидан фойдаланиш мумкинми?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти рақамли йўналишда сезиларли қадамлар ташлади. Электрон тўлов тизимлари бозорида эса мамлакатдаги энг йирик ва замонавий банклараро тўлов инфратузилмаси саналган «Humo» бренди хусусийлашиб, эркин ҳаракат қила бошлади. Бироқ, «Humo» банклараро миллий тўлов тизими» номи кўпчиликни ўйга солади: бу тизим ҳақиқатан ҳам миллий, яъни давлатга тегишлими ёки хусусий субъектлар иштирокида ишлайдиган тижорат платформасими? 

Ўзбекистон қонунчилигида тижорат ташкилотларининг номланишида «миллий», сўзидан фойдаланишга бевосита тақиқ йўқ. Бироқ, «Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси талабларига кўра, юридик шахс номи давлат билан боғлиқлик ҳақида чалғитувчи таассурот бермаслиги керак. 

«Humo» тўлов тизими 2019 йилда Марказий банк ташаббуси билан ишга туширилган. Яъни у дастлаб давлат лойиҳаси сифатида яратилган ва миллий тўлов инфратузилмасига асос солган. Бироқ кейинчалик тизим хусусийлаштирилиб, бозор тамойилларига асосланган тизимга айланди.

"Миллий" сўзига фақат тегишли давлат (рўйхатга олувчи, тизимни мувофиқлаштирувчи бошқарув) органининг розилиги билан йўл қўйилади. Бунда ташкилотнинг давлат мақомига эга эканлиги ёки давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақидаги иллюзияни яратиши шарт. Масалан, "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” – бу институт тижорий ташкилот бўлиб, давлат муассасаси мақомига эга экани ёки давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳақида таассурот уйғотади.

Номлардаги “миллий таом”, “миллий қўриқхона” каби ибораларни нотўғри дейишимиз ножоиз. Чунки улар, авваламбор, миллий маданият ва географик мансубликни ифода этмоқда.

Тилшунослик нуқтаи назаридан «миллий» сўзи ўзида икки: биринчиси – давлатга тегишлилик, иккинчиси - умумхалққа тегишлилик ёки бутун мамлакат миқёсида амал қилиш маъносини акс эттиради. “Humo” номида иккинчи маъно залвори “умуммиллий хизмат кўрсатиш маъносида ишлатилган”, деган важ ва тахминни босиб кетади ва оммавий идрокда у асосан давлатга мансубликни англатади.

«Миллий» сўзи маркетинг нуқтаи назаридан фуқароларда ишонч уйғотади - бу тизим давлат назоратида деган фикрни шакллантиради. Аммо амалда тизимдаги жавобгарлик давлат эмас, операторлар зиммасига тушади. Шу боис, бу атамадан фойдаланишда жамият ишончи ва давлат чегараси аниқ белгиланиши зарур.

“Миллий” сўзи кенг тушунча бўлиб, давлат бошқарувида бўлмаса ҳам муайян миллат ёки давлат, жамият, маданият ва бошқа тузилмаларга тегишликни англатгани учун бу атамани тижорат ташкилотлари ҳам ўз номларида фойдаланиши мумкин, лекин улар миллат, юрт, маданият ёки миллий маҳсулот билан боғлиқ бўлиши керак. Дейлик, «миллий ҳунармандчилик маркази», «миллий таомлар» кафеси.

Бинобарин, «Humo» миллий тўлов тизими» номидаги «миллий» сўзи истеъмолчиларда ташкилотнинг давлатга тегишлик таассуротини уйғотаркан, унинг номини бетараф атамалар билан аташ мақбулдир.

Шу ўринда номлардаги “давлат”, “республика” сўзлари қўлланишига ҳам тўхталиб ўтсак. 

Ҳуқуқ нуқтаи назаридан, Ўзбекистонда «давлат», “республика” сўзлари фақат давлат муассасалари ва давлатга тегишли ташкилотлар номида қўлланилади ва расман давлат органлари, агентликлар, муассасалар ёки давлат улуши мавжуд ва бошқарувидаги ташкилотлар номи учун қонуний ҳисобланади.

Лингвистик нуқтаи назардан давлат, республика сўзлари ўртасида деярли фарқ йўқ, чунки улар умумқабул қилинган атамалардир. Масалан, номига “давлат унитар корхонаси”, “давлат университети” каби атамалар қўшилган корхона/ташкилотлар давлатнинг муайян вазифасини бажаришини англатади.

Республика сўзига келсак, унинг маъноси бирмунча кенгроқ. Ўзбекистонда “республика” атамаси давлатга тегишли ёки давлат даражасидаги аҳамиятга эга, фаолияти бутун республикани қамраб олган корхона/ташкилот номини ифода этиш учун қўлланилади. Аммо давлат-хусусий мулк шаклида ташкил этилган юридик субъектлар номига ҳам ваколатли органлар розилиги билан “республика” сўзини қўллаш мумкин. Масалан, “Ўзбекистон республика валюта биржаси” АЖ. Биржа акциядорлари таркибида бир неча давлат ва хусусий банклар мавжуд. Валюта биржаси чет эл валютасини, давлат қимматли қоғозларини, молиявий ҳосила инструментларини олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимларини тузиш бўйича биржа савдоларини, шунингдек, банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи ягона институтдир. 

Номда “миллий”, “республика” сўзини ишлатиш норматив ҳужжатлар билан чекланганига қарамай, биржанинг юқоридаги вазифаларни бажараётгани учун мулкчилик шаклидан қатъи назар, комиссия томонидан ушбу сўзни ишлатишга ваколат берилган.

Номланишда “республика” сўзини қўллаш, агар корхона тўлиқ давлатники бўлмаса, ҳуқуқий жиҳатдан чалкашликка, мунозарага олиб келиши ҳам мумкин.

Масалан, “Ягона умумреспублика процессинг маркази” (UZCARD савдо белгиси) АЖ хусусий тузилма бўлса-да, “республика” сўзидан фойдаланиши ҳуқуқий жиҳатдан бироз баҳсли.

Синчиклаб қаралса, номдаги “республика” сўзи чалғитмаяпти, чунки компания ҳақиқатан ҳам бутун мамлакатни қамраб олувчи ва республика миқёсидаги инфратузилмани таъминловчи функцияларни бажараяпти. Ўзининг хусусий мулкчилигини яширмаяпти, давлат мақоми ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилмаяпти, фаолиятнинг ижтимоий ва инфратузилмавий даражасига мос келаяпти. 

Бу ҳолатда “республика” сўзи унинг мулкчилик шаклини эмас, балки фаолият доираси ва аҳамиятини билдириш учун ишлатилган, яъни маъно юки процессинг марказининг республикада ягона эканлигига қаратилган. UZCARDнинг 2004 йилда давлат ташаббуси билан МЧЖ шаклида ташкил этилганини эътиборга олсак, бу мантиқан тўғри.

Агар UZCARD бажараётган функцияни бугунги кунда бошқа бир ташкилот ҳам бажараётган бўлса, унда нотўғри. UZCARD ўз номида умумреспублика сўзини фақат бир, тарихий жиҳатдан (ваколатли орган рухсат берса!) сақлаб қолиши мумкин. У ҳам бўлса, процессинг маркази сифатида республикада биринчи бўлиб фаолият кўрсатганига ишора тарзида. 

Бинобарин, хусусий корхона ҳам мамлакат миқёсида фаолият юритса, “республика” сўзидан фойдаланса бўларканда, деган хулоса чиқармай турайлик. 

Амалдаги йўл-йўриқлар (улар қонун эмас!) агар ташкилот оддий тижорий бренд, дейлик фаолияти бутун мамлакат бўйлаб ёйилган йирик савдо корхонаси бўлса, - ишлатиш мумкин эмас, дейди. Уларнинг номидаги “республика” сўзи расмийлик” ёки ҳукумат билан боғлиқлик иллюзиясини беради ва истеъмолчини чалғитади, тенг рақобатга путур етказади.

Бундай юридик коллизияларнинг олдини олиш учун «Юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги Қонунни қайта кўриб чиқиш ва унда “давлат”, “миллий”, “республика” сўзларининг ҳуқуқий маъноси ёки қачон ишлатилиши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилиши лозим. Масалан, хусусий тижорат ташкилоти “миллий”, “республика” сўзини номига қўшса ҳам, амалда буни тақиқлайдиган ёки аниқ тартибга соладиган меъёр ўрнатилмаган.

Баъзи хусусий корхоналар “давлат”, “миллий” каби сўзлардан фойдаланиб, ўз брендига расмийлик ва ишонч уйғотишга ҳаракат қилади. Бу эса истеъмолчиларни адаштириши ва давлат нуфузига путур етказиши мумкин.

Ном (бренд) иқтисодиётда катта аҳамиятга эга, яъни у актив ҳисобланади, иқтисодий фойда келтиради. Тўғри танланган ном мижозларда ишонч уйғотади. “Давлат”, “республика”, “миллий” каби сўзлар расмийлик ва барқарорлик ҳиссини уйғотиб, инвестор ёки истеъмолчида ишонч пайдо қилади. 

Ном бозордаги дифференциация воситаси, яъни рақобатчилар орасидан ажралиб туриш усули ҳамдир. Қисқа, тушунарли ва маъноли ном маҳсулот ёки хизматни тез танитишга ёрдам беради ва у бора-бора тижорат белгисига айланиши мумкин.

Асқар Ҳайдаров,

ЎзА