Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хулқ ила олам элини шод қил
05:11 / 2023-02-11

“Фарҳод ва Ширин”да Чин хоқони ўғли Фарҳодга шундай дейди:

Сени доно демак ёхуд хирадманд,

Демакдурким ачиғ майдур, чучук – қанд.

Навоийнинг буюклиги ҳам шундай – майнинг аччиқ, қанднинг ширин экани каби барчага аён! Бу буюкликнинг сабабларидан бири, шубҳасиз, алломанинг олийжаноб фазилатлари, гўзал ахлоқидир.

“Қуръони Карим” нинг Қалам сураси 4-оятида Муҳаммад с.а.в.га қарата “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” дейилади. Улуғ мутасаввиф Ибн Арабий ўз тафсирида бу оятда пайғамбаримизнинг Аллоҳнинг ахлоқи билан хулқланганликлари назарда тутилганини таъкидлайди. Ҳадиси шарифда келтирилишича, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг юзи чиройлиси ва энг хулқи гўзали эрдилар”.

Юқоридагилардан шундай хулоса келиб чиқадики, Аллоҳнинг неча минг пайғамбар, авлиё ва ҳикмат эгаларини юборишдан мақсади– инсониятнинг ахлоқини безаш ва сийратини яхшилаш, гўзаллаштиришдир. Шу маънода айтганда, ҳазрат Алишер Навоий шахсияти билан ҳам, ижоди билан ҳам ана шу миссияга хизмат қилган сиймолардан биридир.

Бу даъвони у кишининг болаликдан вафотига қадар босиб ўтган ҳаёт йўли тўлалигича тасдиқлайди.

Навоийнинг ўткир зеҳни, гўзал хулқи болалик чоғида Тафт шаҳрида Шарафиддин Али Яздийнинг дуосига сазовор бўлишига сабаб бўлади. Хондамир “Макориму-л-ахлоқ”да келтиришича, болалагиданоқ Бойқаро хонадони вакиллари унга ҳамиша меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўзи билан қарашган, унинг илҳом нишоналарига эга бўлган сўзларида саодатли келажаги аломатларини кўриб, ўта илтифот ва марҳамат кўрсатишган (66-б).

Навоийнинг мана бу фикри унинг бутун умрлик шиори бўлган кўринади:

Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,

Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.

Яъни ўтган ҳар лаҳзангнинг ҳолидан огоҳ, ҳушёр бўл, уни беҳуда ўтказма!  

Манбаларда келтирилишича, Навоий “болалик чоғларидан умрининг охирларигача баракали вақтининг кўп қисмини илм эгаллаш ва камолотга эришиш ишига сарфлаб, бир лаҳза бўлса-да турли билимларни ўрганиш ва ҳар хил кўникмаларни эгаллашдан тинмаган” (“Макориму-л-ахлоқ”, 77-б).

Албатта, болаликдан илмга ва камолотга интилиш тезда ўз мевасини бера бошлаган. Буни барчамизга таниш бўлган, кўплаб манбаларда такрор-такрор келадиган қуйидаги воқеа ҳам тасдиқлайди:

Унгача ҳеч ким туркий тилда ундан кўпроқ ва яхшироқ шеър ёзмаган. Мавлоно Лутфий кунлардан бир куни эндигина униб-ўсиб бораётган ва яхши-ёмонни ажрата бошлаётган ёш Навоийнинг ҳузурига бориб, ундан: “Бирор ғазал ўқиб бериш орқали ўз тафаккурингиз маҳсулларининг янги намуналаридан мени баҳраманд этинг, – деб илтимос қилади. “Оразин...” деб бошланувчи ғазални эшитгач, “Худога қасам ичиб айтаманки, агар иложи бўлганида эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг байтдан иборат бўлган туркий ва форсий ғазалларимни биргина ушбу ғазалга алмаштирган ва ушбу айирбошлаш натижасини катта муваффақият деб ҳисоблаган бўлардим” – дея эътироф этади (“Макориму-л-ахлоқ”, 89-б).

Фикримизча, бу кичик лавҳадан бир неча муҳим хулосалар келиб чиқади:

Биринчидан, XV аср жамиятида адабиётга, сўз санъатига эътибор баланд бўлган;

Иккинчидан, оқсоқол шоирнинг ёш ижодкор хонадонига унинг шеърлари билан танишиш учун ташриф буюриши шуни англатадики, Лутфий ҳақиқатда тахаллусига муносиб, илтифотли сиймо бўлган;

Учинчидан, Навоий ўсмирлик чоғидаёқ қалами ўткир шоир сифатида камолга етган;

Тўртинчидан, йирик ижодкорлар ёш қаламкашлар ижодига бефарқ бўлмаган ва уларни имтиҳон қилиб турган;

Бешинчидан, Лутфий Навоий сиймосида ўзидан кейин туркий адабиётнинг муносиб давомчисини кўра олган;

Олтинчидан, Лутфий ёш ижодкорга юқори баҳо бериш орқали уни янада руҳлантириш, рағбатлантириш ҳамда адабиёт аҳли ичида нуфузини кўтаришни мақсад қилган;

Еттинчидан, балки айни шу ва шу каби ҳолатлар Навоийнинг кейинчалик юзлаб ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашига сабаб, илк сабоқ бўлган.

Бу ноёб истеъдод ҳамда гўзал хулқ-атвор Навоийга бутун умр таҳсин ва мақтов ёғдирган. Йигитлик чоғларида Самарқандда “Иккинчи Абу Ҳанифа” лақабини олган фақиҳ Хожа Фазлуллоҳ Абуллайс қўлида таълим олар экан устози доимо унинг табиатидаги олийҳимматликни мақтар ва уни бошқа талабалардан устун кўрган экан (“Макориму-л-ахлоқ”, 78-б).

“Садди Искандарий”да шундай байт келади:

Бировки манга ҳиммат ўлди баланд,

Эрур олам аҳли аро аржуманд.

Яъни, “ким баланд ҳимматли бўлса, у одам олам аҳли орасида азиз бўлур”.

Кўринадики, Навоий ўзгаларга насиҳат қилган фазилатларга аввало ўзи соҳиб чиққан ва ижоди орқали ўзида бўлган олийжаноб сифатларни ўзгаларда ҳам кўришни орзу қилган.

Бу улуғ сиймонинг ана шундай юксак фазилатларидан яна бири илм аҳлига эътибори эди. Навоий “Фарҳод ва Ширин”да илм аҳлига нисбатан кўз қарашини яққол очиқлайди:

Бировким қилса олимларға таъзим,

Қилур гўёки пайғамбарға таъзим.

Замондошларининг эслашича, “Тасаввуф ва иймон аҳлининг қибласи бўлган ушбу зот ... машҳур олимлар ва ҳурматга сазовор фозилларнинг обрў-эътиборини ошириш ва мартабаларини юксалтиришга қўлидан келганича ғайрат ва ҳиммат кўрсатди ҳамда талабаларнинг хотиржам ва бемалол таълим олишлари учун уларга нафақалар тайинлаб, мадрасалар ва хонақоҳлар қурдирди (“Макориму-л-ахлоқ”, 80-б).

Шафқат, ғамхўрлик – Навоий маънавиятини безаган сифатлардан яна биридир. Бу борада, албатта, алломанинг

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ, халқ ғамидин ғами. –

деган машҳур сатрлари ёдга келади. Бунда шоир Холиқ томонидан халқ қилинган, яъни яратилган барча жонзодларга ғамхўрлик қилиш сифати билан хулқланиш кераклигини инсонликнинг шарти сифатида қўяди. Албатта, шахс сифатида бу борада ҳам барчага ўрнак бўла олган. Жумладан, Хондамирнинг ҳикоя қилишича, бир куни Навоий аср намозидан кейин ҳар кунлик одатига хилоф равишда, яъни намозга келмаганларни суриштирмасдан, масжиддан шошиб чиқиб кетади. Қайтиб келгач, бу ҳолнинг сабабига қизиққанларга жавоб беришича, намоз вақтида таҳорат қилган жойидан этагига бир чумоли илашганини пайқаб қолган ва унга жабр-зулм қилиб қўйишдан қўрқиб, ўз уяси ёнига ташлаб келган (“Макориму-л-ахлоқ”, 157-б)

Маълумки, Навоий қатор лавозимларда ҳам фаолият юритган. Бироқ маълумотларга кўра, “улуғвор қалбининг фақр ва фано сулкидан юришга мойил эканлиги” сабабли мансаб ва лавозимлардан ҳар сафар бош тортган, Султоннинг қаттиқ туриб илтимос қилгани учунгина амирлик, вазирлик каби мансабларга қадам қўйган. Ва бундай ҳолатларда ҳам, аввало, “Бир соат қилинган адолат олтмиш йиллик ибодатдан афзалдир” ҳадисини мулоҳаза қилиб, адолатли иш тутиш орқали кўпроқ савобга эришишни мақсад қилиб қўйган (“Макориму-л-ахлоқ”, 119-б). “Ҳайрату-л-аброр”даги мана бу сатрлари бунинг исботидир:

Адл ила олам юзин обод қил,  

Хулқ ила олам эллин ишод қил.

“Макориму-л-ахлоқ” да Навоий қурдирган 23 масжид номи саналади. Бундан ташқари, ўзи қурдирган барча мадрасалар, хонақоҳлар ва работларда ҳам масжидлар барпо этгани келтирилади. Хондамир Навоийнинг Ҳирот жомеъ масжидини қайтадан қурдиргани ҳақида сўз юритганда “аксар ҳолларда этагини қайириб, бошқа ишчилар қаторида ишларди” дея хотирлайди. Демак, Навоийнинг номи абадиятга муҳрланишида унинг камтаринлик, хокисорлик ва тақводорлик каби инсоний фазилатлари ҳам катта рол ўйнаган (“Макориму-л-ахлоқ”, 130-б). Бежизга унинг муҳрига “Дунёда ғарибдек ёки бир йўловчидек бўлгин! Фақир Алишер” (“Навоийдан чу топқайлар навое”, 30-б), дея ёзилмаган.

Навоий фазилатларини ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ фикримни улуғ мутафаккир умрининг сўнгида рўй берган бир воқеликка диққат қаратиш билан якунламоқчиман.

Маълумки, ҳазрат Навоий ҳаётининг сўнги пайтларида Ҳусайн Бойқародан “қолган умримни Ансорийнинг табаррук мақбараси остонасини супурувчилик билан ўтказишимга ... рухсат берсангиз” дея изн сўрайди ва шу иш билан бир муддат машғул бўлади (“Макориму-л-ахлоқ”, 142-б). Бунга гувоҳ бўлган минглаб ҳиротликлар мазкур ишни ўзларига одат қилиб олишади. Фикримча, бу ҳодисада бир рамзийлик бор.

Турк олими Эдҳем Жебежиўғлунинг келтиришича, тасаввуф таълимотида “Жоруби ло”, яъни “ло супургиси” тушунчаси мавжуд. Бу иборадаги ло калима-и тавҳиддаги ло бўлиб, у ўзи дуч келган барча бутларни тозалайдиган ва супуриб ташлайдиган супургига ўхшатилади. У қалбдаги “бутлар”ни тозалайди. Яъни бу супурги қалбда Оллоҳдан ўзга нима бор бўлса, уларга оид севги ва ришталарни супуриб ташлайди, йўқ қилади. Ло баъзида ҳазрати Иброҳимнинг бутларни синдириб ташлаган болтасига ҳам ўхшатилади.  

“Жорубкаш” атамаси эса Пайғамбар (с.а.в.) қабрини супурувчи киши учун ишлатилади. Тасаввуфда у тариқат шайхлари учун ҳам атама бўлган. Шайхлар мурид (шогирд)ларининг қалбларида Худога етиб боришга тўсқинлик қиладиган етмиш минг пардани супуриб ташлаганликлари учун уларни “супурувчи” деб аташган. Хонақоҳлар, қабрларни супуриш шундан қолган.  

Қолаверса, сўфийликка асосланган баъзи диний гуруҳларда (алавийлар) ибодат маросимларидаги 12 хизматчидан (1-Муршид, 2-Пир, 3-Халифа, 4- Чироғчи, 5-Зокир, 6-Назоратчи, (иккига бўлинган: Ташқарида, Ичкарида кузатувчи) 7-Тариқчи, 8-Жамиятбоши, 9-Саққо (Сувчи), 10-Нақиб, 11-Фаррош (Супурувчи), 12-Ҳодим (Хизматкор) ўн биринчиси жорубкаш ҳисобланади.

Менимча, Ҳазрат Алишер Навоий ҳам олийжаноб хулқ-атвори билан, ҳам бетакрор ижоди билан асрлар давомида қалбларимизни минглаб иллатлардан поклаб келаётган улуғ пири комилдир!

 

Одилжон Авазназаров,  

Қарши давлат университети

адабиётшунослик кафедраси доценти,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори,

ЎзА