Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 29 январда қурилиш, уй-жой ва коммунал хўжалиги, транспорт ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шу жумладан, қурилиш соҳасида рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш, марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи қўшимчалар киритилади:
марказлаштирилган манбалар ҳисобига бажарилган қурилиш ишлари бўйича пудрат ташкилотлари ҳисоботларини рақамлаштириш ҳамда амалга оширилган харажатларни молиялаштириш такомиллаштирилади;
келгуси йил Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича лойиҳа-қидирув ишлари, лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш билан боғлик харажатлар жорий йилда молиялаштирилади.
ЎзА