Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 24 майдаги ПҚ-162-сон қарорида солиқ декларацияларини (йиллик, ихтиёрий, дастлабки, чет эл жисмоний шахслари мол-мулкини реализация қилишдан олинган даромадлар) тақдим этиш ҳамда жисмоний шахсларнинг ортиқча тўланган солиқларини қайтаришга (нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган тўловлар, ўқиш учун тўланган контракт суммаларини, олинган ипотека кредитлари) ариза юбориш бўйича давлат хизматларини кўрсатишни йўлга қўйиш белгиланган эди.
Мазкур қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида” 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:
жисмоний шахсларнинг жами йиллик, ихтиёрий ва дастлабки тарздаги ҳамда чет эл жисмоний шахсининг мол-мулкини реализация қилишдан олинган даромадлари тўғрисидаги декларацияларини тақдим этиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби жорий этиш;
жисмоний шахсларнинг профессионал ва олий таълим, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар ҳамда олинган ипотека кредитларига йўналтирилган даромадлари бўйича ортиқча тўланган даромад солиғини қайтаришга ариза юбориш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори давлат хизматларини кўрсатиш тартибини соддалаштириш орқали аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш имконини ҳам беради.
ЎзА