Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳукумат соати”: Талабаларнинг 110 мингга яқини расмий секторда иш билан банд
20:01 / 2023-05-11

Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиб, бу борадаги вазифаларни белгилаб берди.  

Маълумотларга кўра, аҳоли бандлигини таъминлаш учун оилавий тадбиркорликка 15 триллион сўм имтиёзли кредит ва субсидиялар, деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилди.  

Ўтган йили 1 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса жами 999,7 минг аҳолининг доимий, вақтинчалик ва мавсумий иш ўринларида бандлиги таъминланди.  

Шунингдек, 111,8 минг нафар ишсиз фуқаролар корхона ва ташкилотлардаги мавжуд бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган 10,2 минг нафар эҳтиёжманд фуқаролар иш билан таъминланди.  

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да қайд этилди. Унда Ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қилиниб, депутатларнинг бу борадаги  саволларига камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев жавоб берди.  

— Аҳолини вақтинчалик ишларда даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 7,3 минг корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 38,8 минг аҳоли ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди ва уларга иш ҳақи учун 40,9 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилди, — деди Б.Мусаев. — Меҳнат бозори конъюнктураси таҳлил қилиниб, талаб юқори бўлган 71 турдаги касб бўйича 160 мингдан ортиқ ишчи касб эгаларига бўлган жорий ва яқин истиқболдаги эҳтиёж белгилаб олинди. 2023 йил январь-апрель ойларида 46,4 минг нафар ишсиз аҳоли меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга тайёрлаш ва малакасини ошириш учун юборилди. Шу кунга қадар уларнинг 10,3 минг нафари ўқишни тамомлади.  

Шу билан бирга, касб-ҳунарга ўқитилганлар таркибида 34,4 минг нафари саноат ва хизмат кўрсатиш, 4,6 минг нафари қурилиш, 900 нафари агротехнологиялар, 1,9 минг нафари IT соҳаси касблари ва 4 минг нафари “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунармандчилик касбларига ўқишга жалб этилди.  

Жорий йилда вазирлик ҳузуридаги касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида 15 та “Ишга марҳамат” мономаркази, олис маҳаллаларда 250 та касб-ҳунар масканлари ташкил этилиши кўзда тутилган, — деди вазир.  

“Ҳукумат соати”да депутатлар олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, қатор йўналишларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан саволлар берди.  

Хусусан, депутат Умида Раҳмонова хотин-қизлар ва меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан қизиқди.  

Бунга жавобан вазир жорий йилнинг ўтган даврида “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 163,4 минг ишсиз хотин-қизлар бандлигига кўмаклашилгани, 10,9 минг нафар хотин-қиз ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилганини қайд этди.    

— 2023 йилда меҳнат бозорига 734,9 минг нафар битирувчи кириб келади. Шундан умумий ўрта мактабни битирганлар 383,1 минг, касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумларни битирганлар 194,3 минг, олий таълим муассасалари битирувчилари 157,5 минг нафарни ташкил этади.  

2023 йил 1 январь ҳолатига Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг 110 мингга яқинини иқтисодиётнинг расмий секторида ўқишдан ташқари иш билан банд бўлганлар ташкил этади. Таҳсил олаётган талабаларнинг 64,5 минг нафари давлат секторида, 42,1 минг нафари хусусий секторда ўз фаолиятини олиб бормоқда, — дея жавоб берди Б.Мусаев.  

Шунингдек, халқ вакиллари ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан ҳам қизиқдилар.  

Бу борада 2023 йилда 15 минг нафар имконияти чекланган ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилгани таъкидланди. Мазкур дастур асосида ўтган тўрт ой давомида 5 минг нафар имконияти чекланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашилган.

“Ҳукумат соати”да депутатлар қатор саволлар билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ушбу соҳада самарали парламент назоратини ўрнатиш зарурлигини таъкидладилар.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА