Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳукумат соати”: Қурилиш вазири депутатлар саволларига жавоб берди
17:45 / 2025-12-10

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегияси” ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.

Мазкур масала юзасидан депутатларнинг саволларига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов жавоб берди.  

Вазир ўз ахборотида қайд этганидек, Президентимизнинг 2020 йил 27 ноябрдаги тегишли фармони билан қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021—2025 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланган. Унинг ижроси юзасидан вазирлик томонидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ҳар бир йўналишда масъуллар белгиланган ва ҳозирга қадар бажарилиши лозим бўлган вазифалар ижроси деярли тўлиқ таъминланган.

Вазирнинг маълум қилишича, бугунги кунга қадар жами 439 та бош режалар ишлаб чиқилган бўлиб, шундан 119 таси шаҳар ва 314 таси шаҳарча бош режалари, 1 минг 776 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари саналади. Шунингдек, 108 та қишлоқларни ривожлантириш схемалари ишлаб чиқилиб, вилоятлар жамоатчилик ва ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари муҳокамасидан ўтказилди.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари эса 7 турдаги давлат хизматлари кўрсатмоқда. 2025 йилда 353 минг 85 та объект бўйича давлат хизматлари кўрсатилган. Шу билан бирга, вазирликнинг 120га яқин функция ва вазифаларидаги коррупциявий хавф-хатар даражаси баҳоланиб, коррупция хавфи юқори бўлган функциялар бўйича реестр шакллантирилган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича дастур тасдиқланди.

Янгидан қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирланиши режалаштирилган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида лойиҳа ташкилотлари электрон рейтинг баҳолаш платформаси ташкил этилди. Электрон рейтинг тизими ишга туширилгандан кейин корхоналарнинг айланма маблағлари 41 триллион сўмга, махсус техникалар сони 2 баробарга, банд бўлган аҳоли сони эса 58 фоизга ортган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қурилиш жараёнларида экологик талаблар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Қайд этилганидек, соҳада экологик талабларни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Экологик экспертиза бўйича қонун талабларини бузганлик учун жаримага тортиш қонунчиликда мустаҳкамланди.  

Шу билан бирга, яқинда қабул қилинган тартибга кўра, йирик қурилиш объектларида чанг чиқишини камайтириш учун махсус сув пуркагичлар ва чангни ушловчи қурилмалар мажбурий ўрнатиладиган бўлди.

Шунингдек, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида кўп квартирали уйларни энергия тежовчи материаллар билан қоплаш, иссиқлик таъминотини яхшилаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида марказлашган иссиқлик таъминоти қамровини 36 фоиздан 70 фоизгача етказиш, тизимдаги йўқотишларни эса 38дан 12 фоизгача қисқартиришга эришилади.

2025-2029 йиллар давомида жами 14 мингга яқин индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатиш орқали 16 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминоти тизими очиқ тизимдан “ёпиқ тизим”га ўтказилиши натижасида 34 миллион метр куб табиий газ ва 15 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилишга эришилади.  

Муҳокамаларда депутатлар бир қатор саволларни ўртага ташлади. Жумладан, халқ вакиллари миллий шаҳарсозлик нормаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш борасида қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқдилар.  

Бунга жавобан вазирлик вакили 2021—2025 йилларга мўлжалланган стратегияда қурилиш соҳасидаги тартиб-таомилларни соддалаштириш мақсади қўйилгани, бу борада охирги 5 йилда 1000 дан ортиқ халқаро стандартлар қабул қилингани, 2,5 мингдан ортиқ миллий ва давлат стандартлари хатловдан ўтказилганини айтиб ўтди.  

“Ҳукумат соати”даги қизғин муҳокамаларда депутатлар соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифлар берди. Кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА