Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан депутатларнинг саволларига қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов жавоб берди.
Маълумки, қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётида энг муҳим тармоқлардан бири ҳисобланади. Озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, қолаверса, экспорт улушида соҳанинг ўрни долзарб. Шу боис ҳам мазкур соҳага инвестицияларни жалб қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни замонавий техникалар билан таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
“Ҳукумат соати”да таъкидланганидек, соҳани рақамлаштириш ва қишлоқ хўжалиги субъектларига замонавий агрохизматларни кўрсатиш мақсадида 20 дан ортиқ янги ахборот платформалари ишга туширилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва ҳосилдорликни оширишни рағбатлантириш механизмлари йўлга қўйилди. Мева-сабзавот етиштирувчиларга маҳсулот етиштириш харажатларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлаш механизми жорий қилинди.
Маълумки, сув тежовчи технологияларни жорий қилган тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар (субсидиялар), солиқ имтиёзлари жорий этилиб келинмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар бюджетдан қарийб 2,5 триллион сўм маблағ сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун йўналтирилган. Натижада 2016 йилгача республикада сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдон 18,9 минг гектарни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 2,5 миллион гектарга етди.
Вазир ахборотида келтирилганидек, жорий йилда 26 мингдан ортиқ фермерлар билан 135 та кластер ўртасида 1,9 миллион тонна ҳосил учун фьючерс ва 965 минг ҳосил учун форвард шартномалари имзоланган.
“Ҳукумат соати”да қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш ва зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларида ўзаро кооператив муносабатларни жорий этишнинг тўлиқ механизмлари белгиланган. Шунингдек, кооперативлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар яратилди.
Соҳадаги амалий чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда фермер хўжаликлари ихтиёрий бирлашиб, мева-сабзавотчиликда 171 та, пахтачиликда 66 та янги кооперативлар фаолияти йўлга қўйилди.
Муҳокамаларда депутатлар жойлардаги учрашувларда ҳамда ҳудудларда олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар юзасидан вазирга бир қатор саволлар билан мурожаат қилди. Жумладан, ҳалигача айрим фермер хўжаликлари ва агрокластерлар ўртасида молиявий муаммолар мавжудлиги, сув тақсимоти борасида муаммолар борлиги айтилди.
Шунингдек, депутатлар куз-қиш мавсумида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан қизиқдилар.
Қайд этилганидек, 2024-2025 йиллар қиш ва баҳор мавсумида 651 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилган. Шундан 258 минг тонна картошка, 117 минг тонна пиёз, 186 минг тонна сабзи, 89 минг тонна гуруч захираси яратилган. Нарх-наво кескин ошишининг олдини олиш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида захира қилинган маҳсулотларни 2025 йилнинг январь-май ойларида ички истеъмол бозорларида алоҳида расталардан бепул фойдаланган ҳолда сотилиши йўлга қўйилган. 2025-2026 йиллар қиш-баҳор мавсумида ҳам аҳолининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олингани, бу бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Қизғин муҳокама ва савол-жавоблар давомида халқ вакиллари соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклифларни бериб, кун тартибидаги масала юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА