English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳукумат қарорининг айрим бандлари нега бажарилмаяпти?
11:33 / 2023-02-22

Қарор ва ижро

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт, алоҳида спорт турларини ривожлантиришга доир қабул қилинган қарорлардан мақсад аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг спорт салоҳиятини халқаро миқёсда янада ёрқинроқ намойиш этишдир.  

Хўш, ушбу қарорлар ижроси ўз вақтида таъминланяптими? Жойларда, тегишли спорт ташкилотларида соҳа ривожига хизмат қилиши назарда тутилган давлат раҳбари топшириқлари, кўрсатмалари ижроси қандай?  

Биз бугунги режалар эртага тўғри келмайдиган, воқеалар ривожи замонавий ёндашувни талаб этадиган шиддатли даврда яшаяпмиз.  

Шу маънода, ўтган йилларда қабул қилинган айрим қарорларнинг қайсидир бандлари бугунги кун талабига мос келмаётганлиги ҳам бор гап. Аммо вазиятдан унумли фойдаланаётган, қаловини топиб “қор ёғдираётган”ларнинг ҳаракати туфайли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Дарҳақиқат, мазкур қарорлар самарасида жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг турли йўналишларида катта-катта ютуқларга эришаётганлар бор. Уларнинг фидойилиги туфайли ўн йиллар давомида “музлаб қолган” қоялар эриб, қуёш нуридан баҳра олган кенгликлардек жисмоний тарбия ва спорт соҳаси яшнаш, яшариш сари юз тутмоқда.  

Биргина шахмат спорт турини олайлик. Давлатимиз раҳбарининг эътибори ва қабул қилинган қарорларнинг ҳаётбахш эпкини, Ўзбекистон шахмат федерацияси ижроия қўмитасида ислоҳотларнинг самарали олиб борилаётгани мамлакатимизда “ақл гимнастикаси” билан профессионал шуғулланаётган ёшлар сафи кенгайишига, халқаро мусобақалардаги иштироки янада ортишига, бу Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Жавоҳир Воҳидов сингари истеъдодли ёшларимизнинг нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишига хизмат қилмоқда.  

Худди шундай фикрни бошқа спорт турлари мисолида ҳам айтиш мумкин.  

Ўтган асрнинг 80-90 йилларида юртимиз ёшлари орасида шарқ якка курашлари, айниқса, каратэ, таэквондо, ушу каби йўналишлар жуда оммалашган, аммо, собиқ иттифоқ тизимидаги “ола қараш”лар бу спорт турларининг аҳоли орасида кенг ёйилишига, машғулот заллари очилишига монелик қиларди. Шундай бўлса-да, шарқона якка курашларга меҳри тушган мураббийлар ёпиқ жойларда, ер тўлаларда ёшларга якка кураш сир-синоатларини ўргатиб келарди.  

Айни ҳолат кейинчалик юртимизда каратэ, таэквондо, ушу ва бошқа шарқ якка курашларнинг моҳир усталари камол топишига замин яратди.  

Афсонага айланган Ўзбекистон каратэчилари, Шарқ-у Ғарбни лол этган таэквондочи ва ушучилари кейинчалик юртимизда ушбу спорт турларининг ривожига муносиб ҳисса қўшди.  

Бугун мамлакатимизда эришилаётган мазкур спорт йўналишларидаги муваффақиятларнинг таг заминида ўша йиллардаги меҳнатлар, изланишлар мужассам десак, муболаға бўлмайди.  

Биргина Олимпия спорт тури ҳисобланган таэквондо((WT) бўйича ўтган 5 йил нарисидаги натижалар билан кейинги 2-3 йиллик ютуғ-у муваффақиятларни таққосласак, ажиб манзарага гувоҳ бўласан, киши. Боиси, 2019 йилгача юртимиз таэквондочилари орасида биронта ҳам Олимпия ўйинлари совриндорлари, катталар ўртасида жаҳон чемпионлари етишиб чиқмаган бўлса, 2022 йилнинг сўнгига келиб 1 нафар таэквондочимиз Улуғбек Рашитов Токио-2020 Олимпия ўйинлари ғолиблигига, Светлана Осипова Мексикада катталар ўртасида ўтган жаҳон чемпионати олтин медалига, Нияз Пўлатов жаҳон чемпионати кумуш медалига, Никита Рафалович ва Феруза Содиқова бронза медали соҳиблигига эришди.  

Бундан ташқари, биргина ўтган йилнинг ўзида юртимиз таэквондочилари халқаро мусобақаларда 31 та олтин, 21 та кумуш, 42 та бронза медалларини қўлга киритдики, бу, дунё спорт майдонларида таэквондочиларимиз ғалабаси шарафига ўттиз бир марта Ўзбекистон мадҳияси янграб, 94 маротаба Ватанимиз байроғи юксалди, деганидир.  

Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши эса бу спорт турининг ривожланишида янги истиқболларни белгилаб берди.  

Мазкур қарорга биноан қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси тизимида Ўзбекистон таэквондо академияси ҳамда 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо марказларини ташкил этиш белгиланган. Бу жойларда ёшларимиз учун замонавий спорт мажмуалари қурилиши, ўнлаб йигит-қизларимиз чет эл спорт таълим муассасаларида таҳсил олишига шароит ва имконият яратилишидан далолат.  

Бундай ҳаётбахш ишларнинг амалга ошиши маҳоратли спортчилар сафи кенгайиши, аҳоли орасида спортга қизиқиш янада ортиши, энг муҳими, Янги Ўзбекистонинг янги ғалабалари, янгича ҳаёт тарзи шаклланишига муҳим омил бўлади.  

Қарорда 2023 йил 1 февралга қадар ҳудудларда ихтисослаштирилган таэквондо марказларини ташкил этиш учун белгиланган тартибда фойдаланилмаётган бўш биноларни Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси ҳудудий бўлинмаларига вақтинчалик фойдаланиш учун бепул ажратиш ва белгиланган муддатларда мазкур марказлар фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўриш келтириб ўтилган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги сабаблими, ҳамон  Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциациясининг бирон бир ҳудудий бўлинмаси жой билан таъминланмаган.  

Таассуфки, спорт турларини оммалаштиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, зарур воситалар ишга солиниб, керакли тарзда эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бўлса-да, таэквондо спорт турини ривожлантириш борасидаги айрим ишлар “отангга бор, онангга бор” қабилида ўлда-жўлда қолаётир. Бу Президент қарори ижросига эътиборсизликдан бошқа ҳолат эмас, назаримизда.  

Яна бир гап. Қарорлар ижросига эътиборсизлик кўрсатилаётган бир пайтда жойлардаги спорт ташкилотлари, айниқса, ёшларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга жонфидолик кўрсатаётган, эрта-ю кеч машғулот залларида чемпионларни камолга етказиш учун тер тўкаётган мураббий-мутахассислар маҳалла фаоллари, фидойи инсонлар кўмагида жамоатчилик назоратини ўрнатиши, бефарқликни талабчанликка айлантириши лозим эмасми?  

Спорт соҳасидаги муҳим ҳужжатлар ижроси ўз вақтида  таъминланиши ўзбек спорти янада ривожланиши, ёшларимиз ўзларининг ёрқин натижалари билан дунёни ҳайратлантиришига кучли замин бўлиб хизмат қилади, албатта.  

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА