Бухорода Республика ҳукумати комиссияси тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мазкур комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков томонидан ишбилармон доира вакиллари мурожаатлари атрофлича ўрганилди.
Тадбирда Республика Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Бизнес Омбудсман, Республика Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Марказий банки, Давлат Солиқ ҳамда Божхона қўмиталари, шунингдек, вилоят секторлари раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари қатнашди.
2020 йилги мураккаб пандемия даврига қарамасдан вилоятда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 2016 йилдаги 79 тадан 305 тага етди. Айни пайтгача 212 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Йил якуни билан умумий қиймати 240 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, йиллик прогноз юз фоизга етказилди. Вилоятда амалга оширилаётган ҳудудий инвестиция дастурига асосан жорий йил январь ҳолатида жами 597 та лойиҳа доирасида 6,6 триллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилиб, 14 минг 893 та янги иш ўрни яратилди.
Вилоятда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлган кичик бизнес субъекти сони 28 минг 200 тага яқинлашди. Бу кўрсаткичнинг тенг ярми сўнгги уч йилда ташкил этилганлиги ёки вақтинча фаолиятини тўхтатган корхоналарнинг қайта тиклангани билан аҳамиятли.
– Мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 16-17 февраль кунлари вилоятимизга ташрифидан сўнг истиқболли лойиҳа сифатида бизга ҳам туманлардан жами 1,5 минг гектар ер майдони ажратиб берилган эди, – дейди “Bukhara Brilliant Silk” МЧЖ раҳбари Бахтиёр Жўраев.
– Ажратилган ерларда 13 миллион туп тут кўчатини ўтқазиб, плантация ташкил этиб, фаолиятимизни ривожлантирганмиз. Кейинги уч йилда 13 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижга маҳсулот айирбошладик. Лекин ўтган йили бошланган пандемия туфайли корхонамиз ишлаб чиқариш қуввати 50 фоиздан кескин пасайиб кетиб, ҳозирда 15 фоизга тушди. Сабаби хом ашё таъминотида муаммо юз бериб, тут плантацияларимиз қисқариб кетди. Айни пайтда вилоятнинг 5 та туманида тут палантациямизга эгамиз ва буюртма асосида ипак қурти етиштираяпмиз. Бу бизни асло қониқтирмайди ва банкротлик остонасидан чиқиб кетишимиз учун бизга амалий ёрдам зарур.
– «Хом ашёдан тайёр маҳсулотгача» тамойили асосида Олот туманида ип-калавадан мато ва бир неча босқичда кийим-кечак тикиб тайёрлаб, юздан ортиқ кишини иш билан таъминлаганмиз, – дейди “Olot Asaka tekstil” МЧЖ раҳбари Аҳадулло Ҳаққулов.
– Эндиликда фаолиятни кенгайтирган ҳолда тўқув трикотаж корхонасини очишга қарор қилганмиз. Аммо бизга ҳозирда ер майдони ажратиб берилмаяпти. Туман ҳокимлигидан таклиф этилган 2,5 гектарли майдон эса собиқ Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг стадиони бўлиб чиқди ва унга республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан рухсат берилмаяпти. Агар бизга ер майдони ажратиб берилса, ярим йилда лойиҳани амалга ошириб, қурилишни якунлаган ҳолда хориж технологиясини киритиб, ишни бошлардик. Асосийси, бир йилга қолмасдан, маҳсулотни экспортга тайёрлашимиз, қолаверса, яна камида юз кишини иш билан таъминлашимиз мумкин бўлади.
[gallery-1870]
– Пешку тумани Афшона қишлоғида вилоятимиз меҳмонлари, хорижий сайёҳлар учун қадимий – X асрга тааллуқли тарихий-этник қишлоғини барпо этиш ташаббуси ҳам билдирилган, – дейди маҳаллий тадбиркор, «Муниршоҳ-Мираҳмад сервис» МЧЖ раҳбари Мираҳмад Болтаев.
– Аммо шу кунга қадар бизга ажратиб берилиши лозим бўлган 2 гектарли ер майдони ҳудуддаги фермер хўжаликларидан бирига тегишли бўлиб чиқди.
Расмиятчиликдан холи ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ-ошкора мулоқотга киришилган тадбирда 373 та мурожаат келиб тушди. Ҳар бир мурожаат тегишли масъуллар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди. Уларни тизимли ҳал қилиш мақсадида муддат ва чора-тадбирлар белгиланди. Қолаверса, фаолияти ва экспорт имкониятларини кенгайтирмоқчи, бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлар ва ёшларга банк-кредит сиёсати, алоҳида ер майдони ажратиш билан боғлиқ ўзгаришлар, солиқ сиёсатида кўзда тутилган имтиёзлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Мулоқотда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов,Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА