Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ходимларининг чекланган сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори тасдиқланди.
Лойиҳа офиси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида юридик шахс сифатида ташкил этилади. Унинг раҳбари ва ходимлари белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Лойиҳа офиси ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибиятига ҳисобдор бўлади.
Қарор билан қуйидагилар Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурга қўйиладиган талаблар ва техник шартларни белгилаш ҳамда Дастурни ишлаб чиқишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, халқаро баҳолаш ташкилотлари ва консалтинг компанияларининг иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича берган тавсияларини умумлаштириш, таҳлил қилиш ҳамда мақбул ташаббусларни амалиётга жорий этишни таъминлаш;
иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаш.
Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 8 октябрдаги ПФ-181-сон Фармонига мувофиқ:
халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ва бунда самарали бошқарув тизимини йўлга қўйишга масъул ташкилот таъсис этиш;
Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2025 йил 4 октябрдаги ПФ-178-сон Фармони билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлардан қисқартирилган штат бирликлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 6 та штат бирлигидан иборат лойиҳа офиси ташкил этиш белгиланган эди.
ЎзА