Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳукумат фаолиятини баҳолаш бўйича халқаро тажриба ўрганилмоқда
15:36 / 2024-01-22

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ҳукумат фаолиятини баҳолаш: Корея Республикасида қўлланиладиган баҳолаш усуллари ва воситалари” мавзусида ўқув-семинари бошланди.

22-26 январь кунлари ўтказилиши режалаштирилган мазкур ўқув-семинари Корея Давлат бошқаруви институти ҳамда Корея Республикаси Бош вазир котибиятининг ҳукумат сиёсатини мувофиқлаштириш бошқармаси экспертлари томонидан олиб борилмоқда.

Унда давлат бошқаруви органларида давлат сиёсатини амалга ошириш ва давлат дастурларининг ижросини баҳолаш бўйича давлат органлари ва вазирликларнинг масъул ходимлари иштирок этмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад – иштирокчиларни Корея Республикасида ҳукумат фаолиятини баҳолаш тизими, шу жумладан, қўлланиладиган баҳолаш усуллари ва воситалари билан таништириш ҳамда ўқувлар жараёнида олинган билимларни амалиётда қўллашни ўрганишдан иборат.  

Тадбирнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Aдҳам Бекмуродов сўзга чиқиб, “Осиё йўлбарси” номини олган Жанубий Корея илғор бошқарув услубларини жорий қилиш орқали қисқа муддатда ривожланган давлатлар сафидан жой олганини таъкидлади. Шу жиҳатдан уларнинг тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли эмас.  

Корея давлат бошқаруви институти президенти Чве Сангхан иштирокчилар билан онлайн мулоқотида Ўзбекистондай улкан ресурслар ва имкониятларга эга давлат билан ҳамкорликдан мамнун эканини таъкидлаб, ҳамкорликни янада чуқурлаштириш лозимлигини таъкидлади.

Ўқув-семинари ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирмоқда. Семинарнинг дастлабки кунида маърузачи Канг Жеонгсеок “Корея ҳукумати фаолиятини баҳолаш тизими” мавзусида сўз юритган бўлса, Хван Докён “Ҳукумат фаолиятини баҳолашда ўзини ўзи баҳолаш” тўғрисида маъруза қилди.

Семинарда йиғилганларга давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, уларнинг очиқлик борасидаги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда улар фаолиятини илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими хусусида маълумотлар берилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА