French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди
11:37 / 2024-02-07

Маънавияти нуқсонли айрим кишилар хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай иш тутиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади. Бу жиноятни содир этган шахс ҳам бир оилага бош, фарзандларининг отаси, невараларининг бобоси, яна бошқа бировларнинг қавму-қариндоши.

Афсуски, жиноят йўлини танлаган инсон жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган навқирон ёшда. Бироқ у оғирнинг устидан, енгилнинг тагидан ўтишни афзал кўрган шахс бўлиб чиқди.  

Шўрчилик Ўлмас Очилов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) 2023 йил 21 август куни эрталаб соат 04:00 лар атрофида турмуш ўртоғи Хосият Маҳмудова билан ўзаро тортишиб қолгач, унинг ҳовлида кўринмаётганидан ажабланиб, излашга тушади. Алоҳида хўжалик сифатида яшовчи келини Дилбар Оролованинг хонадонига боради. Тополмагач, яна ўз хонадонига келгач, турмуш ўртоғи Хосиятнинг уйда эканига кўзи тушади. Шу орада онасидан хавотирланиб, қўнғироқ қилган ўғли Ҳамдам Очилов билан телефонда тортишиб қолади.  

Шу лаҳзаларда турмуш ўртоғи Холиёр Очилов билан гаплашган Дилбар Оролова чамаси соат 07:00 ларда қайнонаси Хосиятни ўз уйига олиб кетиш учун уларнинг яшаш хонадонига маҳалла раиси, маҳалла фаоли ва қайнопаси билан келади. Ўз уйида Ўлмас Очилов келини билан оғзаки тортишиб қолиб, ўтирган кроватида бўлган ошхона пичоғини олади ва қўлида вояга етмаган фарзанди Даврон Ўлмасов билан қочаётган Дилбар Ороловани қувиб етади. Уни ўлдириш мақсадида иккинчи вояга етмаган фарзанди Дониёр Ўлмасов кўз ўнгида ўта шафқатсизлик билан орқа томонидан баданининг турли жойларига олти марта пичоқ уриб йиқитган ҳолда ҳодиса жойини тарк этади.  

Жабрланувчи Дилбар Ороловага ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли унинг ҳаёти сақлаб қолинган.  

Судда судланган Ўлмас Очилов айбига тўлиқ иқрор ва пушаймонлик билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўрайди.  

Ушбу жиноят ишини Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди кўриб чиққан. Иш ҳужжатлари атрофлича ўрганилиб, суднинг ҳукмига кўра, Ўлмас Очиловга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.  

Ҳукмдан норози бўлган судланувчи Ўлмас Очилов ҳимоячиси билан ишни қайта кўришни сўраб, Сурхондарё вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритган. Шунингдек, жабрланувчи Дилбар Оролова ҳам давоси йўқлигини маълум қилиб, апелляция тартибида шикоят берган. Енгил жазо беришни сўраган. Шунга асосан мазкур жиноят иши Сурхондарё вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, ҳар бир ҳолат қайта ўрганилди. Шикоятдаги важларга асос топилмади. Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилди.  

Халқимизда кўза кунда эмас, кунида синади, деган пурмаъно гап бор. Ўлмас Очилов ҳам бу қилмиши учун ҳаётининг муайян қисмини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Зеро, қонун устувор юртда жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.    

Жасурбек Худойбердиев,

Сурхондарё вилоят суди судьяси.

ЎзА