Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларни яшилликка айлантириш умуммиллий ишга айланмоқда
15:42 / 2025-03-18

Баҳор нафаси кезиб юрган айни кезларда барча ҳудудларда ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ободончилик ишлари “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ташаббусларга уланиб кетди. Қашқадарё вилоятида ҳам бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар бирдамлик билан олиб борилмоқда.

Масалан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятнинг Кўкдала туманида “Жамоат ташкилотлари боғи” ташкил этилди. Туман ҳудудидан ўтувчи А-378 автомагистраль йўли ёқасида боғ ташкил этиш жараёнида жами 1 минг 500 тупдан ортиқ ясин ва қайрағоч каби манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилди.

Ушбу боғ вилоят ҳокимлиги Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибият таркибига кирувчи соҳа ташкилотлар томонидан ташкил этилди.

Мазкур боғ яратилишидан мақсад автомагистраль йўл бўйида экологик муҳитни яхшилаш, яшиллик майдонларини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун қулай ва тоза муҳит яратишга қаратилган.

Қамаши туманида эса хурмо ва анжир кўчатлари аҳолига бепул тарқатилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 январдаги видеоселектор йиғилишида берган топшириқларига мувофиқ, аҳоли хонадонларида хурмо ва анжир кўчатлари экилмоқда. 

Жумладан, “Агробанк” туман филиали томонидан тумандаги Равот маҳалласи аҳолисига 1000 туп хурмо ва анжир кўчатлари етказиб берилди. 

Яхшидан боғ қолади деганларидек, кўчат экиш ишларига спортчилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда. 

Хусусан, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи иштирокида, тумандаги барча спорт таълим муассасалари ходимлари, спортчи-ўқувчилар,  нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирокида Косон туман 1-сонли спорт мактабида лойиҳа доирасида “Ўзбекистон – яшил макон” шиори остида кўчат экиш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, спорт мактаби ҳудудида “Чемпионлар боғи” ташкил этилиб, 450 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Мазкур боғ барпо этилишида амалдаги ва бўлажак чемпионлар ҳам фаол иштирок этиб, яшил ҳудуд яратишга ўз ҳиссаларини қўшди.

Маълумотларга кўра, лойиҳа доирасида барча туман (шаҳар)лардаги спорт таълим муассасаларида мавсум давомида 2 минг 500 тупга яқин иқлим шароитига мос манзарали дарахт кўчатлари экилиши режалаштирилган.

Албатта бир кессанг ўнни эк, дейди доно халқимиз. Дарахтзор ва боғлар қанча кўп бўлса, экологик тоза ҳаво шунчалик кўпаяди, иқлим салқинлашади. 

Вилоятнинг Муборак тумани ҳам чўл ҳудуд ҳисобланади. Ҳам ҳудуддаги йирик саноат корхоналарнинг борлиги экологик мувозанатга таъсир қилмай қолмайди. Буни яхши англаган туман аҳолиси ва ташкилотлари ҳудудда кўчат экиш ишларини жадал олиб боришга киришган. Жумладан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Муборак тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил қилинган “Зиёлилар боғи” шулар жумласидан. 

Ушбу эзгу тадбирда Қарши давлат университети раҳбарияти, Ёшлар билан ишлаш бўлими тюторлари, “Ёш экопатрул” волонтёрлар гуруҳи аъзолари фаол иштирок этди. Лойиҳа доирасида 300 туп шарқ туяси, 200 туп қайрағоч, 500 туп шумтол каби дарахт кўчатлари экилди. 

Айтиш жоизки, ҳудудларда амалга оширилаётган кўчат экиш ишларида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, яшил ҳудудлар кенгайишига ҳисса қўшмоқда.  

Дарҳақиқат, бугун экилган ниҳоллар келажакда униб-ўсиб туман ҳудудига кўрк бағишлаши билан бир қаторда, атроф-муҳит экологиясининг яхшиланишига ҳам ҳисса қўшади.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири