Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларни ривожлантиришга оид вазифалар ижроси парламент назоратида
17:01 / 2023-08-10

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Вилоятнинг туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид белгиланган вазифалар бажарилиши ҳолати устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш мақсадида Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги сенаторлардан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилоятининг қатор туманларида бўлди.  

Ишчи гуруҳ аъзолари Фарғона шаҳри ва Ёзёвон туманидаги  “Янги Ўзбекистон” массивларидаги кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа муассасалари ва бошқа муҳандислик-инфратузилма объектлари қурилиши ишларининг бориши билан танишди.  

Бунёдкорлик ишларидаги сифат, белгиланган муддатда қурилиш ишларини якунлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммолар мавжуд эканлиги аниқланди. Уларни ҳал этиш борасидаги ишлар парламент назоратига олинди. 

Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида қурилган 300 ўринли даволаш бўлими ва 300 қатновли қабул-ташхис бўлими фаолияти билан яқиндан таниш асносида Сенат Раиси моддий-техник таъминот ишларини кўздан кечирди. Марказ фаолиятини янада яхшилаш учун зарур бўлган масалаларга эътибор қаратди. Ўз навбатида, мулоқот чоғида марказнинг бугунги кунда фаолият кўрсатаётган эски биноси капитал таъмирлашга муҳтожлиги маълум бўлди. Ушбу масала юзасидан ишчи гуруҳ томонидан зарур таклифлар тайёрланиб, амалий ёрдам бериладиган бўлди.  

Ишчи гуруҳ Тошлоқ туманидаги тиббиёт бирлашмасида  амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари билан ҳам танишди.  

Бундан ташқари, вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар қай ҳолатда эканлигига эътибор қаратилиб, маҳаллаларда фуқаролар билан учрашувлар ўтказилди. 

Тошлоқ туманидаги “Қанчирға” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган мулоқотларда маълум бўлдики, ҳудуддаги Фурқат, Алишер Навоий, Ижодкор, Қанчирға, Зулфия ва Ёшлик кўчаларида истиқомат қилувчи 3 минг нафардан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ҳозирда бу борадаги ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.  

Ўрганишлар давомида маҳаллада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги аниқланди. Мулоқот чоғида маҳалла ҳудудида ўрнатилган янги электр узатиш устунларига электр симлари тортилмагани билдирилди. Ишчи гуруҳ аралашуви билан масала ҳал этилиб, шу куннинг ўзида ишлар бошлаб юборилди.  

Тумандаги 10-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида мактабнинг иситиш тизимида олиб борилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик, хусусан, иситиш тизимини янгилаш бўйича бажарилган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.  

Ишчи гуруҳ Риштон, Бағдод, Фурқат, Ёзёвон, Фарғона каби бошқа туман ва шаҳарларда ҳам бўлди. Маҳалладаги бешлик фаолияти, аҳоли турмуш шароити, таълим муассасалари, тиббиёт масканлари каби ижтимоий объектлардаги шарт-шароитлар билан танишди. Тадбиркорлик субъектлари билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммо ҳамда тўсиқлар юзасидан суҳбат олиб борилди.  

Таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишилди. Жумладан, Бағдод туманида 38-сонли ҳамда 31-сонли умумтаълим мактабларида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига эътибор қаратилди.  

Ўрганишлар давомида мазкур таълим муассасаларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари учун лойиҳа-сметадаги  маблағлар вақтида ажратилмагани аниқланиб, муаммо жойида ҳал этилди.  

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ аъзолари ҳунармандлар ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилувчи таклифлар олиниб, ўрганиб чиқиладиган бўлди.  

Ўранишлар якуни юзасидан вилоят ҳокимлиги биносида йиғилиш ўтказилиб, унда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барча жараёнларида маҳаллий кенгаш депутатлари фаол назорат олиб бориши зарурлиги қайд этилди.  

Мавжуд муаммолар тизимли ҳал этилиши, амалга оширилаётган ишлар режага мувофиқ ўз вақтида бажарилиши борасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларига тегишли тавсиялар берилди.  

Н.Абдураимова, ЎзА