Япония тараққиётига хизмат қилиб келаётган жиҳатлар кўп, бироқ ўзгармаган бир омил бор: ишчан, миллатига ўта содиқ бошқарув тизими ва давлат хизматчилари.
Давлат бошқаруви академиясида бошланган “Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга янгича ёндашув: Япония ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро давра суҳбатида шулар ҳақида сўз борди. Тадбирда япониялик мутахассислар халқларимиз ўртасидаги ўхшашлик хусусида тўхталди.
Қайд этилишича, Япония ишлаб чиқариш ва давлат бошқаруви соҳасида улкан ютуқларга эришган дунёнинг саноқли давлатларидан бири. Мазкур йўналишларда кунчиқар мамлакат тажрибасини ўрганиш ва маъқул жиҳатларини юртимизда тадбиқ этиш фойдадан холи эмас.
Давра суҳбатида академия профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, давлат хизматчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Шунингдек, Хоккайдо университети профессори, лойиҳа раҳбари Масато Хиватари Фарғона вилоятида маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтиришга кўмаклашиш лойиҳаси мазмун-моҳияти хусусида маъруза қилди.
Тадбир сўнгида Академия жамоаси хорижлик меҳмонларга эсдалик совғалари топширди. Томонлар ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишди.
Г.Сатторова ЎзА