Сўнгги йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш ва турмуш даражасини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Энг муҳими, барча ислоҳотлар марказида инсон манфаати турибди. Яъни, ҳар бир қарор, ҳар бир дастур аввало одамларнинг даромади, бандлиги, яшаш шароити ва келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.

Қолаверса, ҳудудларни ривожлантириш масаласи фақат иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, балки аҳоли бандлиги, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, таълим ва тиббиёт имкониятларини кенгайтириш каби мезонлар билан ҳам баҳоланмоқда.
Хусусан, жори йил 12 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва 2026 йил учун устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда белгилаб берилган вазифалар нафақат рақамлар, балки миллионлаб инсонлар тақдири, ҳар бир оиланинг эртанги кунига дахлдор экани билан аҳамиятли.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Андижон вилояти республикамизда аҳолиси энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Бугун вилоятда 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда, ҳар йили 80 мингга яқин чақалоқ дунёга келади. Бу рақамлар ортида катта ижтимоий юклама, инфратузилмага бўлган талаб ва иш ўринлари яратиш зарурати турибди.
Шу боис, йиғилишда ер ресурслари чекланган шароитда ҳар бир гектар ер самарали ишлаши, ҳар бир инвестиция лойиҳаси юқори қўшилган қиймат яратиши ва барқарор иш ўринлари таъминлаши шартлиги алоҳида таъкидланди. Бу эса, шунчаки иқтисодий вазифа эмас, балки адолатли тақсимот ва оқилона бошқарув мезони саналади.
Жумладан, вилоятда 2025 йил якунларига кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот 107,7 триллион сўмга етиб, 6,8 фоиз ўсиш таъминланган. Саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигида барқарор ўсиш қайд этилган. Бироқ, 2026 йил учун белгиланган 8 фоизлик иқтисодий ўсиш, 3,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция ва 1,5 миллиард долларлик экспорт кўрсаткичлари биздан янада юқори самарадорликни талаб қилади.
Бу рақамлар қоғозда эмас, амалда янги корхоналар, янги иш ўринлари ва янги имкониятларга айланиши керак. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан 489,5 минг аҳолини банд қилиш, ишсизликни 3,6 фоизга, камбағалликни 2,4 фоизга тушириш вазифаси белгилаб берилгани ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Юқорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш орқали Асака, Олтинкўл, Хўжаобод, Шаҳрихон туманлари ҳамда Андижон шаҳри ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади. Шунингдек, оғир тоифадаги Бўстон, Пахтаобод ва Улуғнор туманларида камбағаллик камида икки баробарга қисқартирилади.
Қолаверса, микросаноат марказлар, қишлоқ ва олис маҳаллаларда қайта ишлаш корхоналари ҳамда совиткичли омборлар барпо этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Пахтачиликда илғор “76х10” схемасини жорий этиш, интенсив боғлар барпо этиш, фойдаланилмаётган ерларни айланмага киритиш буларнинг барчаси самарадорликни оширишга қаратилган.
Вилоятнинг Олтинкўл туманида гулчилик, Избосканда кўчатчилик, Асакада иссиқхоначилик, Қўрғонтепада сабзавотчилик, Булоқбошида узумчилик бўйича томорқа мактаблари ташкил этилиши аҳолининг ўз томорқасидан барқарор даромад олишини таъминлайди. Натижада, туманлар ихтисослашуви камбағалликни қисқартиришнинг энг таъсирчан воситаларидан бирига айланади.
Ёшлар мамлакатимиз тараққиёти ва ижтимоий ривожланишининг энг асосий драйвери. Улар учун яратилган имкониятлар, таълим ва инновация соҳаларидаги лойиҳалар, шунингдек иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари фақат шахсий ривожланишга эмас, бутун жамиятнинг келажагига олиб келадиган ижобий ўзгаришларни таъминлайди.
Бугун Андижон вилоятида 11 та олий таълим муассасаси ва 56 та техникум фаолият юритмоқда. Илмий салоҳиятни ошириш, дуал таълимни кенгайтириш ва тиббиёт техникумлари битирувчиларини Европа давлатларига ишга жўнатиш ташаббуслари ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Айниқса, “Ёшлар дафтари” жамғармаси орқали иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тартибининг айнан Андижондан бошланиши бу вилоят ёшларига билдирилган катта ишончдир.
Умуман олганда, ҳар бир лойиҳа ва инвестиция нафақат иқтисодий кўрсаткичларни ошириш, балки инсонлар ҳаётини осонлаштириш, бандликни таъминлаш ва ёшлар учун имкониятлар яратишга қаратилган.
Жумладан, вилоятда микросаноат марказлари, қишлоқ хўжалиги ва томорқа лойиҳалари, таълим ва илмий салоҳиятни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш механизмлари аҳоли турмушини яхшилаш ва барқарор ривожланишнинг амалий кўриниши сифатида аҳамият касб этади.
Гулнорахон Абдувоҳидова,
Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси