French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар ўрганилди
16:56 / 2025-10-30

Қарор ва ижро

Маълумки, Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳоли яшаши ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун намунавий ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимиздаги 33 та туман ва шаҳар “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги” ҳудудлар қаторига киритилди. Улар орасида Тошкент вилоятининг 4 та ҳудуди мавжуд.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Чиноз туманидаги Кўтарма ва Дўстлик маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Учрашув давомида вилоят раҳбари маҳаллаларда йўл инфратузилмасини янгилаш, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, шунингдек, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. 

Шунингдек, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими масъулларга маҳалланинг ижтимоий инфратузилмасини янада такомиллаштириш, аҳолининг бандлигини ошириш, замонавий хизмат турларини жорий этиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Зойир Мирзаев ҳар бир лойиҳа сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши, маҳаллаларда олиб борилаётган ишларнинг бевосита халқ манфаатига хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Мазкур қарор ва амалга оширилаётган лойиҳалар вилоятимиз маҳаллаларини “Янги Ўзбекистон қиёфаси”га мослаштириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Янгийўл шаҳри ва туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда янги инвестицион лойиҳалар билан танишилди. Дастлабки манзили Янгийўл шаҳар марказида жойлашган “Алишер Навоий гулшани” истироҳат боғи бўлди. Ҳозирда ушбу масканда кенг кўламли реконструкция ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида боғнинг инфратузилмаси тўлиқ янгиланиб, аҳолининг дам олиши учун замонавий, қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими қурилиш жараёнларини ўрганар экан, мутасаддиларга ишларни белгиланган муддатларда, сифат талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда якунлаш, шунингдек, ҳудудда аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича тегишли топшириқ ва тавсиялар берди.

Шундан сўнг вилоят раҳбари Янгийўл туманидаги “Томорқа мактаби” биносида “Yangiyo‘l-Agro Star” ҳамда “Toshkent-Agro Star” МЧЖлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг фаолиятини кенгайтириш имкониятлари билан танишди.

Улар томонидан Хитой технологияси асосида барпо этилаётган замонавий иссиқхона комплекси ҳамда жами қиймати 11 миллиард долларни ташкил этувчи “Agrokompleks” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, 300 та янги иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, корхонанинг йиллик маҳсулот экспорт ҳажми 3 миллион долларини ташкил этиши режалаштирилган. Вилоят ҳокими ушбу лойиҳанинг туман иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

А. Мусаев, ЎзА мухбири