Мамлакатимизда тиббий хизматларнинг сифат даражаси ошиб, янги замонавий йўналишлар, даволаш ва диагностика усуллари ва амалий тажрибалар шаклланмоқда.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жумладан, ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани оналар ва гўдаклар ўлимини сезиларли камайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Албатта, бу бежизга эмас.
Куни кеча Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашуви ҳам мен учун ўзига хос тарихий воқеа бўлди. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шифокорлар масъулиятини ошириш борасида кўплаб таклифлар айтилди.
Айниқса, 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурининг белгилаб олингани фаолиятимизни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу саъй-ҳаракатлардан асосий мақсад аҳоли саломатлиги, халқимизнинг тизим фаолиятидан розилигига эришиш ҳисобланади. Мазкур йўналишлар орасида оналик ва болаликни ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, болалар учун профилактик кўриклар дастури қайта кўриб чиқилиши ва 18 ёшгача бўлган болаларни педиатр, стоматолог, эндокринолог, ортопед каби энг зарур мутахассислар томонидан манзилли кўрикдан ўтказиш тизими жорий қилинадиган бўлди. 2022 йил 1 майдан бошлаб барча кўп тармоқли марказий поликлиникаларда болалар бўлими ташкил этилади.
Сабаби кўп йиллар кўп тармоқли поликлиникаларда умумий амалиёт шифокорлари фаолият юритган бўлса, уларга тиббий текширув учун келган беморлар орасида кексалар, болали аёллар, ҳомиладорлар ҳам навбатда туриб, аралаш қабул қилинар эди. Бу ҳолат барчага ноқулайликларни келтириб чиқарар эди. Эндиликда поликлиникаларда болалар бўлимининг ташкил этилиши туфайли тор соҳадаги мутахассисларни жалб қилишга эришилади. Бу орқали болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошади.
Тошкент вилоятида ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида айрим муаммолар бор. Хусусан, вилоятнинг туман ва шаҳарлари географик тарқоқ жойлашгани маҳаллий аҳолининг малакали тиббий ёрдам олиши учун хам қийинчилик туғдирмоқда. Шуни эътиборга олиб, тарқоқ жойлашган вилоят муассасаларини марказлаштириш, талаб кўп бўлаётган йўналишларни туманлараро даражага тушириб, хизматларни аҳолига яқинлаштириш зарур бўлади.
Президентимиз олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси оилавий шифокор пунктларида шифокорлар етишмаслиги сабабли зарур тиббий хизматлар олиш имконияти йўқлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бундай шароитда ишлаётган тиббиёт ходимларига қулайлик яратиш ва имтиёзлар берилиши таъкидланди. Ҳозирги кунда вилоят бўйича 8 та олис ҳудудда 6 нафар шифокор фаолият юритмоқда. Уларга зарур шароит яратиш мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда, тиббиёт соҳасини такомиллаштириш, аҳоли саломатлиги сақлаш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар келгусида ўз самарасини беришига ишонаман. Бунинг учун биз, шифокорлар катта масъулият билан ишлашга ҳаракат қиламиз.
Феруза Раҳматуллаева,
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
бошлиғи ўринбосари.
ЎзА.