Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлардаги саъй-ҳаракатлар депутатлар эътиборида
11:13 / 2025-06-09

Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқарма ва ташкилот мутасаддилари иштирок этди ва кун тартибидаги бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан вилоят ҳудудларидаги криминоген вазиятни яхшилаш, Янгийўл, Чиноз, Ўрта Чирчиқ туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш бўйича қилинаётган ишлар муҳокама этилди. 

Шунингдек, Нурафшон шаҳрининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш Бош режасини ишлаб чиқишда қисқа ва ўрта муддатларда қурилиши ва ишга туширилиши режалаштирилган муҳим объектлар фаолиятининг транспорт эҳтиёжига талаби инобатга олинди. Белгиланган жойларда “Ақлли светофор” тизимини жорий этиш орқали пиёдалар ва ҳайдовчиларга қўшимча қулайлик яратилади. 

Сессияда Олмалиқ шаҳрида ҳам жамоат транспорти тизимини комплекс ривожлантириш, йўловчиларга сифатли ва хавфсиз транспорт хизматларини кўрсатиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, ҳаракат таркибини барча қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар билан янгилаш борасидаги вазифалар ҳам кўриб чиқилди. 

Қайд этилишича, Олмалиқда 2031 йилгача бўлган давр мобайнида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалаштирилган тадбирлар негизида Брутто-шартнома асосида фаолият юритувчи 3 та автобус йўналишлари, 42 та микроавтобус йўналишларини жорий этиш режалаштирилган. Шаҳарнинг жанубий ва шимолий қисмида жойлашган турар жой ва  ишлаб чиқариш объектларини ўзаро боғлайдиган муқобил йўл қуриш мақсад қилинмоқда. 

Сессияда ҳар бир масала атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Депутатлар амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича фикр билдирди. 

А.Мусаев, ЎзА.