French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлардаги муаммолар ўрганилди
16:53 / 2022-12-01

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари, маҳаллалардаги ўрганишлари самарали ўтмоқда. Халқ вакиллари аҳоли хонадонларига ҳам ташриф буюриб, халқ билан юзма-юз мулоқот қилишмоқда, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан суҳбатлашяпти.

Хусусан, депутат Одинахон Отахонованинг Асака туманидаги ўрганишлари, сайловчилар билан ўтказган мулоқотлари ҳам самарали бўлди. Дастлаб халқ вакили туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, муассаса тасарруфидаги марказий шифохонада фаолият олиб бораётган шифокорлар билан юзма-юз мулоқот қилди. Шунингдек, учрашувларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар, Конституциявий қонун лойиҳасида назарда тутилган янги нормалар ҳақида маълумотлар берилди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.  

Депутат О.Отахонова шунингдек, туман ҳокими ўринбосари, ёшлар етакчиси ва бошқа мутасаддилар билан бирга “Улуғбек” МФЙда яшовчи биринчи гуруҳ ногирони Ҳафизахон Мирзажонова ҳамда “Эргашобод” МФЙда яшовчи Обиджон Мадаминовлар хонадонида бўлиб, улар ҳолидан хабар олди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳодбек Ашматов Шаҳрихон туманидаги “Оқ олтин” маҳалласида ўтказган сайёр қабулида кўп йиллар давомида ечимини кутиб турган масалалар бартараф этилди. Учрашувда фуқаролар асосан коммунал хизматлар – газ, электр, ичимлик суви таъминоти масалаларида мурожаат қилди. Фуқароларнинг айтишича, уч йил муқаддам маҳалла аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи 2022 йилги дастурга киритилган. Аммо йил якунланяпти ҳамки, ҳеч бир иш қилинмаган.    

Шунингдек, ушбу маҳалла ёшлари етти километр узоқликдаги 25-сонли мактабга қатнайди. Транспорт масаласини ҳал қилиш эса ҳамон ортга суриляпти. Бундан ташқари, маҳалла идораси биноси ҳам таъмирталаб ҳолда.    

Депутат аҳоли мурожаатларининг барчасини тинглаб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамроҳлигида масъул мутассадди ташкилот раҳбарлари билан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга келишиб олди.    

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА