Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши томонидан “Ҳудудлардаги маданият ва истироҳат боғлари: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Н.Обломуродов ҳудудларда истироҳат боғлари, маданий масканларни янада обод қилиш, аҳолининг маънавий ҳордиқ олиши учун қулайликлар яратиш ҳақида гапирди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 247 та маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 59 таси Маданият вазирлиги тасарруфида, қолганлари хусусий тадбиркорлар ҳамда турли давлат органларининг балансида туради.
Айни пайтда мазкур боғларнинг 182 таси фаолият олиб боради ва уларда жами 1 минг 820 та аттракцион ва ўйин қурилмалари мавжуд бўлиб, шундан 731 таси йирик ва 1 минг 89 таси кичик аттракцион ва ўйин қурилмалари ҳисобланади.
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан республикамиздаги маданият ва истироҳат боғларининг бугунги кундаги ҳолатини ўрганиш мақсадида махсус рейдлар ташкил этилди.
Аксарият истироҳат боғларида чиқиндилар тўпланиб қолиши, дарахтларнинг қаровсиз ва суғорилмаслиги оқибатида қуриб қолаётгани, боғларда суғориш тизимининг мавжуд эмаслиги, аҳоли дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратилмагани аниқланди.
Давра суҳбатида истироҳат боғларидаги ўриндиқлар қониқарсиз аҳволдалиги, чиқиндилар учун махсус қутилар йўлакларда камида ҳар 40 метрга эмас, 100 метргача масофада, катта қутилар эса ҳар 800 метр квадрат майдонга ўрнатилмаган ва чиқиндилар ўз вақтида боғ ҳудудидан олиб чиқиб кетилмагани каби ҳолатлар кўзга ташланиши каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, ҳар бир ҳудудлардаги боғларнинг ҳолати бўйича маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссияларда эшитувларни ташкил этиш, сессияларга танқидий таҳлилий маълумолар киритиш, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағлар ҳисобидан истироҳат боғлари ва хиёбонларни тўлиқ таъмирлаш ҳамда экологик ҳолатини яхшилаш бўйича маблағларни ажратиш, истироҳат боғлари ва хиёбонларнинг мақомини ўзгартириш, соҳа бўйича мутахассисларни жалб этган ҳолда жамоатчилик назоратини кучайтириш, истироҳат боғлари ва хиёбонларда инновацион ишланмаларга асосланган лойиҳаларни жорий этиш, чиқиндиларни тартибли жойлаштириш ва уларни йиғиш, дарахтларни суғоришда жамонавий томчилатиб суғориш усулларини амалиётга кенг жорий этиш, дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш мақсадида уларни хатловдан ўтказиш ва махсус чипларни жойлаштириш, боғларда ҳудуднинг иқлимига мос дарахтларни экишни ташкил этиш каби бир қатор таклифлар ўртага ташланди.
Д.Маматова, ЎзА