French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларда “Яшил макон” барпо этилмоқда
17:35 / 2023-10-24

2023 йил 11 октябрь куни Президентимиз томонидан туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча ҳудудларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт экиш ишларини бошлаш борасида бир қатор топшириқлар берилган эди.

Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Навбаҳор туманининг Армижон маҳалласида “Яшил макон” лойиҳасига старт берилди.  

Унда Навоий вилоят ҳокими Нормат Турсунов бошчилигида туман ҳокимлиги, сектор, ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, хотин-қизлар ҳамда ёшлар фаол иштирок этди.  

– Лойиҳа доирасида туманимизда 650 минг дона мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Жамшид Собиров. – Кўчат экилиши лозим бўлган ҳудудлар белгилаб олиниб, ҳудудимиз табиий шароитидан келиб чиққан ҳолда асосан сувсизликка ва касалликларга чидамли қайрағоч, тут, узум, ёнғоқ, саксовул каби дарахт ҳамда бута кўчатлари танлаб олинди.  

[gallery-14193]

Ташкил этилган тадбир доирасида 500 нафардан зиёд турли соҳа ва кенг жамоатчилик вакили ҳамжиҳатликда туман ҳокимлиги захирасида бўлган Армижон маҳалласи ҳудудидаги 7 гектар ташландиқ ер майдонига 35 минг дона тут кўчати экишди.  

– Бугунги тадбирда биз – хотин-қизлар ҳам фаол иштирок этяпмиз, – дейди Навкар маҳалласи фаоли Сабоҳат Самиева. – Бу ерда барча ташкилот ва корхоналар учун кўчат экиш мақсадида алоҳида-алоҳида майдонлар ажратилган. “Оналар боғи” деб номланган ҳудудга биз ҳам дарахт экдик. Ҳашарда ҳикмат кўп. У бирдамликка, ҳамжиҳатликка асосланган. Биз эккан дарахтлар ҳам, албатта, ҳавонинг тозалигига, қолаверса, табиатнинг яшиллигига хизмат қилади.  

Вилоятнинг барча ҳудудларида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари бошлаб юборилган.  

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари