English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларда тиббий хизматлар сифати ортмоқда (+видео)
19:04 / 2026-02-19

Қарор ва ижро

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизими сўнгги йилларда кенг кўламда такомиллаштирилди. Жойларда мавжуд инфратузилма яхшиланиб, инсон ресурси ва халқаро ҳамкорлик бўйича ҳам юқори ютуқларга эришилди. Натижада кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатидан фуқаролар мамнун.

Айниқса, жойлардаги сифатли диагностика, тезкор тиббий ёрдам, ҳамда электрон навбат тизимининг самарали жорий этилгани бунга ёрқин мисолдир. Шу билан бирга, туманлардаги тиббиёт муассасаларида мураккаб жарроҳлик амалиётларининг муваффақиятли ўтказилаётгани қувонарлидир.  

Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент вилоятида ҳам тиббий суғурта тизими жорий этилди. Бунда имтиёзли тоифадаги Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари ҳамда оила аъзоларининг жон бошига ойлик даромади минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларнинг аъзолари жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари давлат жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилади. Айнан бу каби қулайликлар беморларнинг узоққа бормай ўзи яшаётган ҳудудда даволанишига хизмат қиляпти.  

Жумладан, Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси ҳам охирги йиллар мукаммал таъмирдан сўнг хориж давлатларидан келтирилган  зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозирги вақтда бу ерда 15 турдаги юқори технологик операциялар ўтказиляпти. Шифохона жарроҳлик бўлимида 2 нафар малакали шифокор фаолият олиб боради. Ўтган даврда ходимлар, ҳамширалар Озарбайжон, Сингапур, Япония каби давлатларда малака ошириб, олган билимларини амалда қўллаяпти.  

Олий тоифали шифокор Абдуқодир Сулаймоновниг айтишича, 2025 йилда мингдан ортиқ операциялар ўтказилди. Уларнинг кўпи бепул бўлиб, бу орқали беморларга қулайлик яратилди. Жорий йил бошидан бери эса 37 тадан ортиқ юқори технологик операциялар қилинди. Эндиликда туманимиз аҳолисининг пойтахт ва вилоят шифохоналарига бориб даволанишига эҳтиёж йўқ. Барчасини туман даражасида даволаш ишлари самарали олиб бориляпти. Шу билан бирга, қўшни ҳудудлардан ҳам мурожаат қилаётганлар жуда кўп.

– Авваллари қўлтиқтаёқ билан ҳам юролмасдим, саломатлигимни тиклаш учун кўп бор бошқа жойлардаги шифохоналар ва табибларга ҳам қатнаганман. Бироқ тўлиқ даво топмадим. Менга қўйилган жарроҳлик амалиёти пули қиммат эди. Лекин Оққўрғондаги малакали шифокорлар мени даволаб, оёққа туришимга кўмаклашди. Бундан жуда хурсандман, – дейди 57 ёшли бекободлик Маҳбуба опа Турдибекова.  

Умуман олганда, бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттирган ҳолда вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва уларнинг узоғини яқин қилиш соҳа мутасаддилари олдидаги турган вазифа бўлмоқда.  

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/B65Pivt4lXI" title="Hududlarda tibbiy xizmatlar sifati ortmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Абдулазиз Мусаев (видео, сурат), ЎзА