Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилчилари ҳар ойда Марказий Банк, Cолиқ ва Божхона қўмиталари ҳамда Республика товар-хомашё биржаси томонидан тақдим этилган тезкор маълумотларга асосланиб Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилиб боради.
Жорий йил январь-октябрь ойлари якунларига кўра, солиқ тушумлари барқарор ижобий динамикани намоён этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,4 фоизга ошди. Тушумлар ҳажмининг энг сезиларли ўсиши Навоий, Тошкент, Сирдарё вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, бу ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача 40 фоиз атрофида шаклланди.
Божхона тўловлари бўйича тушумлар ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида (81 фоиз) ва Қорақалпоғистон Республикасида (43 фоиз) кузатилди. Навоий, Тошкент, Наманган вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида божхона тушумлари ўртача 25 фоизга ошгани қайд этилди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиш натижаларига кўра, товарлар экспорти 14,3 фоизга ўсди. Энг катта экспорт ўсиши Сурхондарё вилоятида (деярли 80 фоиз) ва Самарқанд вилоятида (39 фоиз) қайд этилди.
Шу билан бирга кредитлаш ҳажмларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 39,6 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё (+85,2 фоиз) ва Наманган вилоятларида (+51 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида, Тошкент шаҳрида кредитлаш суръатлари 40 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 23,4 фоизга кўпайди. Биржа фаоллигининг ўсиши мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатилди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикасида фаоллик 38,5 фоизга ошди. Шунингдек, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида биржа битимлари ҳажми ўртача 35 фоиз атрофида ўсиш қайд этди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА