Шу кунларда республикамиз бўйлаб Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари билан жойига чиққан ҳолда учрашувлар ўтказилмоқда. Тадбиркорлар таклифлари ва муаммолари тингланмоқда, муаммолари ўрганилиб, таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, Бизнес-омбудсман девони ходимлари Жиззах шаҳрида аҳолига йўловчи ташиш хизматини кўрсатувчи “Бегали транс сервис” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Маълумотларга кўра, жамият томонидан бугунги кунда 80 та “Isuzu” йўловчи ташиш автобуси қатнови йўлга қўйилган бўлиб, аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиб келинмоқда. Жамият томонидан транспорт хизмати, аҳолига йўловчи ташиш хизматини ривожлантириш мақсадида Хитой давлатидаги ҳамкорлар билан 60 дона замонавий Asia Star йўловчи ташиш автобусини келтириш юзасидан импорт шартномалари имзоланган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида қўшимча 120 дан ортиқ иш ўрни яратилиши, аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатилишига ҳамда жамиятнинг тадбиркорлик фаолияти янада ривожланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Бизнес-омбудсман девони ходимлари Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Sulton styles” УК фаолияти билан танишди. Корхона 2022 йил 31 январь куни ишга туширилган бўлиб, 560 нафар фуқаро иш билан таъминланган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 5 миллион долларни ташкил этади. Жорий йилда 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шу билан бирга, Жиззах шаҳар “Жиззах” ЭИЗ иштирокчиси “IRUSKON” МЧЖ томонидан йўлга қўйилган “DEYA” бренди остида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишилди.

Хусусан, жамият 6,2 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 160 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳани амалга оширишдан асосий мақсад, ички бозорни арзон ва сифатли қандолат, шоколад маҳсулотлари билан тўлдириш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи қандолат, шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат.

Корхона 2022 йилнинг 8 октябрь куни фаолиятини тўлиқ бошлаган бўлиб, йилига 40 млрд. сўм фойда олиш режалаштирилган.
Корхонада йилига 12 минг тонна (қиймати 50 млн. доллар) қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши, маҳсулотларнинг 25 фоизи Россия, Туркия, Мўғулистон, Хитой ва МДҲ давлатларига экспорт қилиниши йўлга қўйилган.
Жамият томонидан 350 нафар доимий иш ўрини яратилган бўлиб, жамият раҳбари С.Ортиқовнинг маълум қилишича жорий йилда 10 млрд. сўм фойда олиш кутилмоқда.
Шунингдек, корхона раҳбари билан бўлиб ўтган суҳбат давомида корхонанинг суд масалаларида муаммолари мавжудлиги билдирилди.
Ушбу билдирилган муаммолар вакил девони ходимлари томонидан қонуний ечими бўйича ижрога қаратилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА