ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали томонидан онкологик касалликларни бирламчи босқичларда аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Бунда чекка ҳудудларда ўтказилаётган тиббий кўриклар муҳим аҳамият касб этаётир.
Шундай кўриклардан бири Тупроққалъа туманининг Охунбобоев маҳалласида ўтказилган эди. Кўрик давомида бир неча аёлда саратон ва саратон олди касалликлар аниқланди ва зарур тавсиялар берилди.
Маҳалла фуқароларидан бири 47 ёшли Ойша Ўрозбоевада малакали мутахассислар томонидан ўтказилган тиббий кўрик давомида бачадон миомаси борлиги аниқланди. Мутахассислар унга жарроҳлик амалиёти ўтказиш кераклигини айтди. Туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган жарроҳлик амалиёти туфайли Ойша Ўрозбоева дардига даво топди.
[gallery-18785]
– Тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, онкологик касалликларни бирламчи босқичларда аниқлаш мақсадида чекка ҳудудларда тиббий кўриклар ўтказиш режаси ишлаб чиқилган, - дейди филиал директори Тоҳир Полвонов. – Шу асосда туманларда ташкил қилинаётган кўрикларимиз ўз самарасини бермоқда. Аҳолига янада қулай бўлиши учун жарроҳлик амалиётини ҳам ҳудудларнинг ўзида ўтказмоқдамиз. Бу беморларнинг ортиқча оворагарчиликсиз шифо топишига ёрдам бермоқда.
Беҳзодбек САИДОВ (сурат), ЎзА