Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар газ таъминоти бўлими томонидан шаҳар аҳолисини табиий газ билан барқарор таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз ишлатиш ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозиргача 186 километр газ қувурлари капитал ва жорий таъмирдан чиқарилди, 48 та газ тақсимлаш пункти ва шкафли газ регуляторлари профилактикадан ўтказилди. Шунингдек, аҳоли хонадонларидаги газ ҳисоблагичлар ва ускуналарнинг техник ҳолати текширилиб, хавфсизлик талабларига жавоб бериши таъминланмоқда.


Шаҳарнинг марказий қисмидан ташқари, тоғли ва чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини газ билан таъминлаш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жорий йил давомида ушбу ҳудудларга 190 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Махсус автотранспорт воситалари ёрдамида газ баллонлари мунтазам олиб келиниб, аҳолига ўз вақтида тақдим этилмоқда.


Масъулларнинг маълум қилишича, қишнинг аёзли даврида аҳолини газ билан таъминлашда узилишлар юз бермаслиги учун қўшимча 4 та махсус автотранспорт ва 1 та захира омборхона тайёр ҳолатга келтирилган. Ангрен шаҳар газ таъминоти бўлими раҳбариятининг таъкидлашича, барча чора-тадбирлар аҳоли учун қулай шароит яратиш қиш мавсумини барқарор ўтказишга қаратилган.
А.Мусаев, ЎзА.