Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ҳудудларда кооперациялар ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2025 йилда камида 30 та туманда етакчи тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ҳамда аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишлари) кооперация асосида ишлаб чиқариш (етиштириш), маҳсулотларни харид қилиш учун 500 миллиард сўм кредит ажратилади.
Қарор билан маҳаллаларда кооперация тизимини ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
маҳаллаларнинг ихтисослашув йўналишларини аниқлаш, ихтисослашувни кенгайтиришга доир янги лойиҳаларни амалга ошириш;
аҳолининг доимий даромад олиш манбаларини янада кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилиб ишлашини кенгайтириш чораларини кўриш;
маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўргатиш;
аҳоли томорқа ва деҳқон хўжаликларига қарашли ерлардан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хомашё билан имтиёзли кредитлар асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун кооперация асосида тадбиркорлик субъектларини бириктириш;
тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятни мониторинг қилиб бориш, етиштириладиган маҳсулотнинг (кўрсатиладиган хизматнинг) бозорини топишда ёрдам бериш.
Қарорга кўра:
а) кооперация фаолиятида маҳаллалар ихтисослашувига мос бўлган, хонадонларни кооперация асосида юқори даражада қамраб оладиган, тегишли маҳаллаларда ўз бизнесини ривожлантириш дастурига эга бўлган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари иштирок этади;
б) кооперация асосида аҳолининг даромад олиш манбаини ошириш учун кооперация ташкил этадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари учун фоиз харажатлари бир қисмининг қоплаб берилиши назарда тутилади. Бунда “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти томонидан кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасидан 4 фоизли пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, асосий ставканинг 40 фоизигача миқдорда уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга “1+2” тамойили асосида компенсация тақдим этилади;
в) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектига ишсиз ёки даромад олиш манбаини кўпайтириш истагида бўлган фуқаролар билан тузилган кооперация шартномалари бўйича қуйидагича миқдорларда кредит ажратилади:
30 тагача шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард сўмгача;
30 тадан 100 тагача шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 3 миллиард сўмгача;
101 тадан ортиқ шартнома тузадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига 5 миллиард сўмгача. Бунда бир нафар фуқаро билан битта кооперация шартномаси тузилади ҳамда ишсиз фуқаролар белгиланган тартибда тадбиркорлик субъекти, деҳқон хўжалиги ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим;
г) кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига:
“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” акциядорлик жамияти томонидан кредит суммасининг 50 фоизи миқдоригача умумий тартиб асосида кафиллик берилади;
кооперация асосида ишлаётган фуқаро томонидан ишлаб чиқарилаётган (етиштирилаётган) маҳсулотларни сотиб олиш ёки шартномага асосан фуқарога ойлик иш ҳақи тўлаш шарти белгиланади.
ЎзА