Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларда истеъмол қилинаётган ош тузининг таркибида йод миқдори камлиги аниқланди
12:36 / 2022-06-01

Эндокринологик касалликларнинг олдини олишнинг оммавий ва энг мақбул усулларидан бири аҳолини йод препаратлари билан, жумладан уларнинг таомномасида йод маҳсулотлари бўлишини таъминлашдир.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 январда қабул қилинган “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида муҳим вазифалар белгиланган бўлиб, ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари томонидан республикамиздаги ош тузи ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидованинг таъкидлашича, бугунги кунда республикамизда 117 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш  корхоналари фаолият юритади. Шулардан 57 таси йодланган ош тузи ишлаб чиқариш корхоаналари ва 60 таси йодланган ош тузини қадоқлаш цехларидир.  

2022 йилнинг ҳозиргача бўлган даврида 47 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхоналарида ўрганишлар ўтказилди ва намуналар лаборатория текшируви учун келтирилди. Олиб келинган 11 та туз намунасидан 27,2 фоизи белгиланган меъёрга жавоб бермаганлиги сабабли жами 50,6 тонна яъни Тошкент вилоти, Зангиота тумани “Позика Туз Савдо” МЧЖдан 2 тонна, Сурхондарё вилояти, Шеробод туманидаги  “Чорбоғ Баракали Туз” МЧЖдан 15,5 тонна, “Улуғбек Жовлиев” оилавий корхонадан 10 тонна ва Тошкент шаҳри, Олмазор туманидаги “Татли туз” МЧЖдан 2 тонна, “EKO CRISTAL” МЧЖдан 7 тонна ва Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “ТIGER TRADE” МЧЖдан 4,1 тонна ош тузи реализацияси тақиқланиб, қайта йодлаш бўйича корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилди. 

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича 7 нафар жавобгар шахсларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, қонунчиликда белигиланган тартибда кўриб чиқиш бўйича жойлардаги судларга ҳужжатлар тақдим этилди. Йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш соҳасида самарали ҳуқуқий ва ташкилий асосларни қабул қилиш муҳимдир. Инсон саломатлигини тўлиқ ҳимоя қилиш, йод танқислиги билан касалланнишни жадаллаштирибгина қолмасдан, мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга ёрдам беради. 

Шунингдек, 2021 йил охирида бир гуруҳ тадқиқотчилар Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари мактаб ўқувчилари ўртасида селектив тадқиқот (пешоб ва ош тузидаги йод миқдорини аниқлаш) ўтказдилар. Натижада Андижон ва Фарғона вилоятларида тадқиқот гуруҳининг 30 фоизида йод танқислиги аниқланган. Истеъмол қилинадиган туз намнулари таҳлили шуни кўрсатдики, ҳудудларда истеъмол қилинаётган ош тузининг 10 фоиздан 53,3 фоизгачасининг таркибида йод миқдори камлиги аниқланди.  

Мазкур ҳудудлар мисолида айтиш мумкинки, эпидемиологик вазиятни тўлиқ баҳолаш учун бутун республика бўйича янада пухтароқ мониторинг олиб бориш ва статистик маълумотларни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.  

Республикамизда йод танқислиги касалликларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдан иборатдир. 

Моҳигул Қосимова, ЎзА