Мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан барқарор таъминлаш, тармоқларни модернизация қилиш ҳамда истеъмол ҳисобини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Газ тақсимлаш тизимида йўқотишларни камайтириш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва маҳаллалар кесимида аниқ ҳисоб-китоб юритишга қаратилган янги ёндашувлар босқичма-босқич жорий этиляпти.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Маъруф Хўжаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Ишчи гуруҳ “Шовот” газ тўлдириш шохобчаси фаолиятини кўриб чиқди. Шохобчада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифати, техник хавфсизлик талаблари, ускуналарнинг ишлаш ҳолати ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларининг самарадорлиги ўрганилди.

Шундан сўнг масъулларга хизмат сифатини янада ошириш, навбатларни қисқартириш ва истеъмолчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, хизмат сафари давомида “Дўстлик” маҳалласида ташкил этилган автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат ҳисоб баланси тизими доирасида амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилди. Мазкур тизим орқали газ истеъмолини аниқ ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самараси муҳокама қилинди.

Мутасаддилар аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, маҳаллаларда рақамли ҳисоб ва назорат тизимларини босқичма-босқич жорий этиш, шунингдек, газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича амалий чораларни давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Айни пайтда ишчи гуруҳ ҳудудларда газ тақсимлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар юзасидан ўрганишларни давом эттирмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА