Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудларда БРМни мониторинг қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик
13:48 / 2025-07-09

Бугун Тошкент шаҳрида “Ҳудудларда барқарор ривожланиш мақсадларини мониторинг қилиш бўйича салоҳиятни ошириш” мавзусида семинар-тренингнинг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижий масъуллар, экспертлар, мутахассислар иштирок этди.

Тадбир очилишида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев,  Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) президенти, АҚШнинг Колумбия университети профессори Жеффри Сакс ва бошқалар сўзга чиқиб, глобал миқёсда барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишдаги долзарб масалалар, хусусан, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари ҳамда ҳудудий мониторинг тизимларининг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

Семинарда БРМнинг мазмун-моҳияти ва Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги ютуқлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Жумладан, мамлакатимиз умумий БРМ индекси бўйича дунё рейтингида 62-ўринни эгаллаб, 73,1 балл кўрсаткичига эришган. Бу натижа минтақавий ўртача даражадан (72,0) юқори бўлиб, 2015 йилдан буён +12,1 баллик ўсиш қайд этилган.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаевнинг қайд этишича, мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ҳудудий мониторинг тизимини такомиллаштириш, рақамли технологиялар ва статистик воситаларни жорий этиш жуда муҳим.

– Ҳудудлар кесимида БРМни самарали мониторинг қилиш борасидаги имкониятларни кенгайтириш нафақат миллий даражада, балки халқаро миқёсда ҳам маълумотларни мувофиқлаштириш учун муҳим асос ҳисобланади. Биз халқаро шериклар билан ўзаро ишонч ва манфаатлар асосида ҳамкорликни кучайтиришга тайёрмиз,– деди У.Обидхўжаев.

Профессор Сакс Ўзбекистон томонидан БРМга эришиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолар экан, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

– Ўзбекистон сўнгги йилларда барқарор ривожланиш соҳасида улкан ютуқларга эришмоқда. Бу жараёнда ҳудудий маълумотлар ва аниқ мониторинг механизмлари жуда муҳим аҳамиятга эга. Биз ушбу йўналишда ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшамиз, – деди профессор.

Тадбир доирасида БРМ мониторинг платформаларини яратиш, геомаълумотлар ва замонавий статистик воситаларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш каби устувор йўналишларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Семинар якунида томонлар ҳудудлар кесимида БРМни мониторинг қилишни йўлга қўйишга қаратилган қўшма лойиҳа бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА