Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев “Долзарб 90 кун” дастури доирасида ҳудудларда тиббий хизматлар сифатини ошириш, беморлар учун қулайликлар яратиш ҳамда тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини ошириш жараёнларини ўрганмоқда.
Муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш натижасида тизимда сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Эндиликда нафақат чекка ҳудудлардаги, балки вилоят марказидаги тиббиёт ходимлари жойларга чиқиб, жараёнларда фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази мутахассислари Вобкент туманидаги “Пахтакор” оилавий шифокорлик пунктида бўлиб, аҳоли, хусусан болалар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди. Эндокринолог, кардиолог, невропатолог, ортопед, окулист, болалар жарроҳи ва педиатр сингари шифокорлар 100 нафарга яқин болани кўрикдан ўтказди.

– Бизнинг ҳудудда 8407 нафар аҳоли яшайди. Шундан 3229 нафари болалар бўлиб, 48 нафари “D” назоратида. Бугунги тиббий кўрик болажонлар учун жуда фойдали бўлди. Ҳозирда ҳудудда 4 та тиббий бригада фаолият юритмоқда. Бу каби ташрифлар тиббий хизмат сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди “Пахтакор” ОШП мудири Нафиса Ҳамроева.

Худди шундай тиббий кўрик Жондор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 19-оилавий поликлиникада ҳам ўтказилди. Кўрикда ногирон болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, бир ёшгача бўлган чақалоқлар, сурункали ва тез-тез касалланувчи болалар қамраб олинди.
Шифокорлар томонидан 196 нафар бола тиббий кўрикдан ўтди. Текширувлар давомида қирқдан ортиқ касаллик аниқланди. Шундан 38 нафар бола амбулатор даволанадиган бўлди. 7 нафар бола эса стационар даволаниш учун туман ва вилоят шифохоналарига йўналтирилди.
Бундай кенг қамровли тиббий кўриклар болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашда муҳим аҳамиятга эга.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.