English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлараро ички туризмни ривожалантириш чоралари белгиланмоқда
21:17 / 2020-12-11

Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланоқда, турли имтиёзлар берилиб, уларга субсидия ва ссудалар берилмоқда. Ўтган давр мобайнида виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди, 53 та давлат учун “электрон виза” тизими жорий этилди.

Бу ҳақда жорий йилнинг 9 декабр куни Президентимиз раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Йиғилишда таъкидланганидек, келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. 

Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.

Видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ҳамда республика бўйлаб ички туризм доирасида саёҳатларни амалга ошириш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан ўзаро келишув битими ишлаб чиқилди.

Келишув битимини имзолаш мақсадида Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси масъуллари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда бўлиб, келгусидаги ҳамкорлик ишлари юзасидан ўзаро келишув ўтказмоқда.

Келишувга асосан, меморандум имзоланган вилоятлар ўртасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ўзаро саёҳатлар ташкил қилиш, шунингдек, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, веб-сайтларда, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш белгиланган.

Мазкур келишув битимига асосан Навоий вилоятининг туристик объектлари, жумладан эко ва агро туризм, маданий мерос ва зиёрат туризм объектлари бўйлаб саёҳатларни ташкил этиш мақсадида республиканинг ёшлар, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларидан иборат саёҳатчилар Навоий вилоятига саёҳат қилишади. Навоийликлар эса республикамизнинг сайёҳлик объектларига ташриф буюришади.

Мазкур келишувларга асосан Навоий вилояти томонидан 2021 йилда ички туризм доирасида 220 мингдан ортиқ сайёҳни қабул қилиш ва бошқа вилоятларга жўнатиш режа қилиб олинган.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА