Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлар тоифаларга бўлинди. Натижа нима бўлади?
14:31 / 2023-01-11

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2023 йилдан бошлаб ҳудудлар тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб беш тоифага бўлиниши ва шу асосида уларнинг иқтисодий ривожланишини белгилаш тартиби жорий этилиши ҳақида сўз юритган эди.

Сўнгра, аниқроғи, 2022 йил 30 декабрда қабул қилинган “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан 208 туман ва шаҳар беш тоифага бўлинди.  

Самарқанд вилоятидаги туман ва шаҳарлар тоифаларга бўлинганда Самарқанд шаҳри биринчи тоифа (тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган ҳудуд) га, Жомбой, Самарқанд ва Тойлоқ туманлари иккинчи тоифа (инфратузилмаси яхши бўлган ҳудуд) га кирди. Каттақўрғон шаҳри, Булунғур, Иштихон, Нарпай, Оқдарё, Пастдарғом ва Ургут туманлари шароити нисбатан қониқарли бўлган ҳудуд сифатида учинчи тоифада қайд этилди.  

Тўртинчи – жозибадорлиги етарли бўлмаган ҳудудлар сифатида Каттақўрғон, Нуробод, Пахтачи ва Пайариқ туманлари қайд этилди. Вилоятнинг Қўшработ туманигина бешинчи тоифада шароити оғир бўлган ҳудуд деб топилди.  

– Ҳудудларнинг тоифаларга бўлинишида экспертларнинг фикрлари ҳамда иқтисодий кўрсаткичлар, соҳалар ривожланишида вилоятдаги улуши ҳамда аҳоли жон бошига иқтисодий кўрсаткичлар тўғри келиши таҳлиллари эътиборга олинган, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари С.Абираҳматов. – Эндиликда уларни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида ёндашув бўлади. Жумладан, 2026 йил 1 январга қадар солиқ солишнинг табақалаштирилган тартиби жорий этилмоқда. Унга кўра, бешинчи тоифадаги туманларда, бизда Қўшработ туманида рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно) фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида, шунингдек, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди. Ушбу имтиёз туфайли тумандаги 1349 нафар тадбиркор ихтиёрида 13,4 миллиард сўм маблағ қолмоқда ва шунинг ҳисобидан улар фаолиятини кенгайтириш имкониятига эга бўлади.  

Шунингдек, бешинчи тоифадаги ҳудудда рўйхатдан ўтган ва шу ерда фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинди. Жумладан, Қўшработдаги 715 нафар якка тартибдаги тадбиркор қатъий солиқ тўлашдан озод этилди. Улар 2022 йилда 295 миллион сўм тўлаган ва жорий йилда 324 миллион сўм тўлаши керак эди.  

Жозибадорлиги етарли бўлмаган ҳудудлар сифатида тўртинчи тоифада қайд этилган Каттақўрғон, Нуробод, Пахтачи ва Пайариқ туманларида рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари (йирик солиқ тўловчилар, доимий муассаса, бюджет ташкилоти ва давлат корхонаси, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар бундан мустасно) учун айланмадан олинадиган солиқнинг базавий солиқ ставкаси 3 фоиз этиб белгиланди.  

Мазкур туманлар бўйича Халқ депутатлари вилоят Кенгашига юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи бўйича энг кам қийматларга 0,3 гача, якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий солиғи бўйича 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқи берилди. Бунинг натижасида бу уч тумандаги 5137 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий солиқ ставкасига 0,5 гача камайтирувчи коэффициент киритиш ҳисобига 3 миллиард сўм, 8230 та тадбиркорлик субъекти учун айланмадан солиқ ставкаси 3 фоиз этиб белгиланиши ҳисобига 6 миллиард сўм маблағ улар ихтиёрида қолади. Шунингдек, 2000 дан ортиқ юридик шахснинг мол-мулки ва ер солиғи бўйича белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача камайтирувчи коэффициент киритиш билан тадбиркорлар 15 миллиард сўмга яқин маблағни иқтисод қилади.  

Тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманларда кичик бизнес субъектларига тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасидан кредит ва лизинглар бўйича асосий ставкадан ошган, бироқ Марказий банк асосий ставкасининг 40 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тақдим этилади. Кредитларнинг 75 фоизигача, бироқ умумий қиймати 2,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади. Барча турдаги субсидиялар “2+1” тамойили асосида ажратилади, бунда, субсидия дастлаб икки йилга тақдим этилади ва самараси ижобий деб топилса, уни амал қилиш муддати бир йилга узайтирилади.  

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан томорқа ер участкаларида фуқароларни кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга паррандачилик, узумчилик, асаларичилик, қуёнчилик, балиқчилик соҳалари учун биринчи, иккинчи ва учинчи тоифалардаги ҳудудлар аҳолисига аввалги каби базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача, тўртинчи ва бешинчи тоифалардаги туманлар аҳолисига эса БҲМнинг 25 бараваригача (шу пайтгача 20 баравар эди) субсидия берилади.  

Умумий қурилиш ишлари билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорга камида уч нафар ходим ёллаган тақдирда меҳнат қуроллари, асбоб-ускуналар, станоклар, махсус кийим, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари сотиб олиш учун шу пайтагача БҲМнинг 15 бараваригача субсидия берилган бўлса, эндиликда тўртинчи ва бешинчи тоифалардаги туманларда фаолият кўрсатадиган ЯТТларга БҲМнинг 20 бараваригача субсидия ажратилади.  

Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан суғориш воситаларини харид қилиш, ишсизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари ва миграциядан қайтган шахсларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун субсидия ажратиш миқдорлари ҳам биринчи тоифадан ташқари бошқа тоифалардаги ҳудудларда ўзгарди. Яъни, биринчи тоифадаги ҳудудларга БҲМнинг 10 бараваригача, иккинчи ва учинчи тоифалардаги ҳудудларга 12 бараваригача, тўртинчи ва бешинчи тоифалардаги туманларда 15 бараваригача субсидия берилади.  

Худди шундай, “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун субсидия миқдорлари тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманларда БҲМнинг 2 бараваридан 5 бараваригача оширилди. Ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг ҳар бир битирувчисига 1 миллион сўмдан ошмаган ҳолда компенсация қилиш учун субсидия ажратиш миқдорлари ҳам тўртинчи ва бешинчи тоифадаги туманлар учун 70 фоиздан, 80, 100 фоизгача ўзгарди.  

Бу тартибда субсидия ажратиш орқали норасмий секторда банд бўлганлар улуши қисқартирилади ва уларнинг банд аҳоли сонидаги улуши 2026 йилга қадар камайтириб борилади.  

Мисол учун, биргина умумий қурилиш ишлари билан шуғулланаётган якка тартибдаги тадбиркорларга камида 3 нафардан ишчи ёллаган тақдирда, вилоятдаги 1126 та маҳаллада камида иккитадан қурилиш бригадалари тузилган тақдирда 9 мингдан ортиқ фуқаронинг расмий бандлиги таъминланади. Туманларда томорқа ер хўжаликларида 30 фоиз маҳалла ҳудудида камида биттадан касаначилик ташкил этилиб, уларга 25 нафардан ишсиз ёки норасмий банд фуқаролар бириктирилганда 6,5 мингдан ортиқ фуқаронинг расмий бандлигини таъминлашга эришилади. Энг муҳими, тўртинчи ва бешинчи тоифадаги ҳудудларда ишсизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, муайян касб билан таъминлаш даражаси камида 1,5 баробарга ошади.  

Бу ҳали кутилаётган дастлабки натижалар. Демак, тизим тўлиқ ишга тушиб, имтиёз ва енгилликлар қўллана бошлагач, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга катта туртки беради.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

ЎзА