Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлар, соҳалар ва тармоқларда рақамли технологиялар жорий этилиши жадаллаштирилади
10:52 / 2025-09-18

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, "Рақамли ҳукумат" тизимини 2025-2026 йиллар ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди: 

а) "Рақамли ҳукумат" дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70 фоизга етказиш ҳамда маҳаллаларда 30 турдан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш; 

б) ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан 66 минг км оптик толали алоқа линиясини ўтказиш, 2 284 та таянч станцияни ишга тушириш, 100 дан ортиқ ахборот тизимини жорий этиш; 

в) аҳоли ва тадбиркорлар учун 100 дан ортиқ турдаги электрон хизматларни жорий этиш, шу жумладан 10 турдаги давлат хизматини проактив ва композит шаклга ўтказиш, 19 та ҳаётий вазиятда фуқароларга автоматик тарзда хабар юбориш. 

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади. 

2025 йил 1 декабрдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларига "Рақамли ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади. 

2026 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари "Рақамли маҳалла" платформаси орқали амалга оширилади. 

2025 йил 15 октябрга қадар маҳалла фуқаролари йиғинининг ягона идентификатори сифатида кадастр рақамини қўллаган ҳолда "Рақамли ҳукумат" тизимининг Маҳаллаларнинг марказлашган реестри ишга туширилади. 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб эса ушбу реестр давлат органлари ва ташкилотларининг "Рақамли ҳукумат" тизими билан интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурсларида мажбурий тарзда қўлланилади. 

2026 йил 31 декабрга қадар кўчмас мулк объектларининг барча маълумотлари "UZKAD" ахборот тизимига ўтказилади, шунингдек, Бутунжаҳон геодезия координаталари тизимига (WGS-84) боғланган ягона давлат манзил реестри шакллантирилади.

ЎзА