Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлар ривожида прокурорларнинг ҳиссаси бор
11:58 / 2025-01-07

8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда прокуратура органларининг муносиб ўрни бор. Халқимизнинг оғирини енгил қилиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликка қарши курашишга қаратилган дастурлар ижросини таъминлаш, қонунбузилишига муросасиз бўлиш ҳам прокуратура ходимларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, прокуратура органлари вилоят, туман ва шаҳарларда 2-секторга масъул сифатида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб турмуш ва иш шароити яратишга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Самарқанд вилояти прокуратура идоралари ҳам бу борада кенг кўламли ишларни амалга ошириб келаётганини кўриш мумкин.

Жумладан, ўтган йил вилоят прокуратураси ташаббуси билан Қўшработ туманининг олис қишлоқларида жойлашган 45 ва 51-мактаблар учун қўшимча ўқув бинолари қурилиб, ўқитувчи ва ўқувчилар учун қулай шароит яратилди. Шу пайтагача бу мактабларда ўқувчилар ўрни камлиги, яқин ўртада бошқа мактаб йўқлиги сабабли дарслар икки навбатда, ҳатто коридор ва спорт залида ҳам ўтилган.

Маълумотларга кўра, Оқчобсой маҳалласидаги 51-умумтаълим мактабига вилоят прокуратураси ҳисобидан ажратилган 2,4 миллиард сўм маблағ эвазига 220 ўринли қўшимча бино қурилди. Шунингдек, муассасанинг 2007 йилда қурилган биноси тўлиқ таъмирланди, мини футбол майдончаси ва ўқувчиларнинг мактаб ҳудудига хавфсиз кириб-чиқиши учун сой устида кўприк бунёд этилди.  

Юқори Жўшдаги 45-умумтаълим мактабида эса 2,1 миллиард сўм маблағ эвазига 180 ўринли қўшимча бино қад ростлади. Бу ерда ҳам мактабга кириб-чиқиш йўлини тўсган сой устида 17 метрлик кўприк, болаларнинг спорт билан шуғулланиши учун мини футбол майдончаси қурилди.

Янги йил байрами арафасида Иштихон туманининг Ўзбекқўрғон маҳалласида фойдаланишга топширилган 200 ўринли боғча ҳам вилоят прокуратурасининг депозит ҳисоби ҳамда ҳомийлар кўмаги билан, жами 7 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди.  

– Маҳалламиз туман марказидан 35 километр олисда, чекка ҳудудда жойлашган, – дейди Иштихон туманидаги Ўзбекқўрғон маҳалласи раиси Абдураҳим Исонов. – 4200 нафардан ортиқ аҳолимиз бор. Лекин шу пайтгача бирорта давлат боғчаси йўқ эди, биттагина хусусий боғча фаолият кўрсатарди. Вилоят прокуратураси ёрдами билан маҳалламизда ушбу боғчанинг қурилиши кўп муаммоларимизга ечим бўлди, янги иш ўринлари очилди.

Қўшработ туманидаги Шовона маҳалласида ўтган йили “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар бошида ҳам прокуратура органлари турди.

Бешта қишлоқдан иборат маҳаллада 1250 та оила бўлиб, 5298 нафар аҳоли истиқомат қилади. 2913 нафар меҳнатга лаёқатли аҳолидан 102 нафари ишсиз эди. Ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш жараёнида аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳам эътибор қаратилиб, 26 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 40 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 30 нафарига тадбиркорлик фаолиятини бошлашига амалий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий дафтарларда турган 118 фуқарога 98 миллион сўмлик ёрдам берилиб, 131 нафар фуқаронинг 2,3 миллиард сўм банк кредити олишида кўмаклашилди. Бундан ташқари, 15 нафар шахсга асбоб-ускуна учун 150 миллион сўмлик субсидия ажратилди. Маҳаллада тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилиб, 20 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тўртта мактаб, оилавий поликлиника таъмирланди.

2024 йилда вилоят прокуратура органлари, сув таъминоти идораси ва бошқа соҳалар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи вилоятдаги сув иншоотларини хатловдан ўтказди. Бу жараёнда 623 та сув иншооти таъмирга муҳтожлиги сабабли фаолият кўрсатмаётганлиги аниқланиб, шундан 454 та сув иншооти фаолияти тикланди ва 414 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Жумладан, Пайариқ тумани марказидаги бешта маҳаллада яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, мавжуд тармоқ, сув иншооти ва сув сақлаш ҳовузи яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги аниқланди. Муаммони ҳал этиш учун Мустақиллик маҳалласида 3700 метр, Алишер Навоий маҳалласида 3500 метр ва Фаровон маҳалласида 1500 метр тармоқ тортилди. Бундан ташқари, 1600 метр мавжуд тармоқ таъмирланиб, янги сув тармоғига уланди. Бу ишлар натижасида ҳозирча 217 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди. Лойиҳа якунига етказилгач, 28 мингдан кўпроқ аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши кутилмоқда.

Бу каби ишлар ҳар бир туман ва шаҳардаги 2-секторлар томонидан амалга оширилмоқда. Прокуратура органлари ходимлари жойларда мунтазам сайёр қабуллар ўтказиб, аҳолининг мурожаатларини тингламоқда. Ҳудудларлардаги ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилаларга моддий, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилиши ташкил этилмоқда.  

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инвестиция лойиҳалари амалга оширилишига кўмаклашиш борасида ҳам бугун прокурорлар фаол иш олиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Жумладан, яқинда Самарқанд вилоятида инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича йиғилишда вилоятдаги 38 та муаммоли тадбиркорлик субъектининг масаласи Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев томонидан кўриб чиқилиб, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинди. 9 нафар тадбиркорнинг муаммолари жойида ҳал этилиши таъминланди, қолган муаммоларни ҳал этиш юзасидан муддатлари ва масъуллари аниқ кўрсатилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири