Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовутни камайтириш учун 35 йил зарур бўлади
17:54 / 2023-01-13

Таъкидлаш керакки, дунё миқёсида иқтисодий беқарорлик юзага келган бугунги кунда ишлаб чиқариш фаолияти хорижий мамлакатлар билан бевосита боғлиқ. Чунки иқтисодиётида ташқи савдонинг улуши юқори бўлган ҳудудларга бу беқарорлик кучли таъсир қилади.

Шунга асосан Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари республикамиз ҳудудлари иқтисодиётидаги тафовутларни таҳлил қилди.

Масалан, коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовут аҳоли жон бошига ЯҲМ бўйича 2019 йилдагига нисбатан 25 фоизга, аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичи бўйича 17 фоизга ортди.

Бу тафовут 2021 йилга келиб, мос равишда 3 фоиз ва 11 фоизга қисқарган бўлса-да, ҳозирги мавҳумлик шароитида келажакда ҳудудларни комплекс ривожлантиришни прогноз қилиш ҳамда табақалашув ортиб кетишининг олдини олиш учун мўлжалланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш долзарб масала ҳисобланади.

Тадқиқотда 2016-2021 йилларда ҳудудлар иқтисодиётидаги тафовутларнинг қисқариши ва уларнинг барқарор ҳолатга яқинлашиши Бета (β) модели воситасида таҳлил қилинди. Ушбу неоклассик ўсиш моделига кўра, агар ҳудудлар бўйича ягона фарқ улар капиталининг бошланғич даражасида бўлса, кичик ҳажмдаги капиталга эга бўлган камбағал ҳудудлар йирик капиталга эга бўлган бой ҳудудларга қараганда иқтисодий жиҳатдан тезроқ ўсади. Бу эса ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликнинг камайиб боришини англатади.

Қайси мамлакатни олиб қарамайлик, унинг пойтахти (йирик шаҳарлари) иқтисодиётининг кўлами бўйича бошқа ҳудудлардан бир қатор устун жиҳатларга эга бўлади. Ўзбекистон иқтисодиётидаги етакчи мавқеи туфайли Тошкент шаҳрига ҳам ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликнинг асосий манбаи сифатида қараш мумкин. Шунингдек, унинг иқтисодий салоҳияти Тошкент вилоятининг иқтисодий кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир қилади. Мамлакат бўйича ишлаб чиқарилган истеъмол товарларининг 35,7 фоизи, кўрсатилган хизматларнинг 44,9 фоизи ҳамда ЯИМнинг 27,8 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, улар яқинлашиш моделидан чиқариб ташланса, ҳудудлар ўртасидаги тафовут яққолроқ намоён бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, тадқиқотда шартли Бета моделининг республикадаги 14 та ҳудуд учун (1-модель), Тошкент шаҳрисиз (2-модель),  Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти иштирок этмаган (3-модель) вариантлари таҳлил қилинди.

Натижалар шуни кўрсатадики, шартли Бета яқинлашиш моделининг учта варианти ҳам мамлакатимизда ҳудудларнинг иқтисодий барқарор ҳолатга яқинлашаётгани ва улар ўртасидаги табақалашув қисқараётганидан далолат беради. Чегарадош ҳудудларнинг мувофиқ тарзда ривожланиши ҳам иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, оптик толали алоқа линияларини ўтказиш энг ривожланган ҳудудлар даражасига яқинлашишда ёрдам беради. Таҳлилдан энг ривожланган ҳудудларни чиқариб ташлаш эса бу омилнинг аҳамиятини пасайтиради.

Барча ҳудудлар бўйича ҳисобланган Halflife кўрсаткичи тафовутни 50 фоизга камайтириш учун 35 йил, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини ҳисобга олмаганда эса 25 йил керак бўлишини кўрсатди.

Тадқиқот натижасида географик жойлашуви ҳамда иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари яқин бўлган ҳудудлар учун ҳудудий сиёсат йўналишларини аниқлаш ва улар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозим, деган хулосага келинди. Масалан, Бета яқинлашиш модели Сурхондарё, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари нафақат географик, балки иқтисодий ўсиш суръати жиҳатидан ҳам яқин ҳудудлар эканини кўрсатди.

Худди шу каби географик жиҳатдан яқин жойлашган Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳоли жон бошига ЯҲМ жиҳатидан, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари иқтисодий ўсиш суръати бўйича ўхшаш ҳудудлар бўлиб, улар учун ривожланишнинг умумий йўналишларини белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Суҳроб МАҲМУДОВ,

ПМТИ гуруҳ раҳбари

Салимжон БEКМУРОДОВ,

ПМТИ катта илмий ходими