Термиз шаҳрида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссияси ҳудудида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари раис, раис ўринбосарлари ва котибларининг билим ҳамда кўникмасини оширадиган ҳудудий тренерлар учун ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди.
Икки кунлик дарс жараёнида республика тренерлари сайловларнинг халқаро мезони талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларини тузиш тартиб-таомиллари, сайловда овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан ишлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов участкасида амалий машғулот ва тажрибани ўрганиш каби мавзуларда қизиқарли маърузалар билан иштирок этди.
Сайлов ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш, сайлов ўтказувчи участка комиссиясининг бошқа иштирокчилари жумладан, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул вакиллар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари юзасидан билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
–Ўқув машғулотларида 74 нафар ҳудудий тренер малакасини оширди, – дейди Термиз давлат университети юридик факультети декани, профессор Ж. Холмўминов. – Шунингдек, машғулотлар якунида улар тест саволлари орқали билим ва кўникмаларини жиддий синовдан ўтказди. Эндиликда маҳаллий тренерлар ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ташкил этиб, ўтказадиган участка сайлов комиссиялари раис, раис ўринбосари ва котибларига дарс машғулотлари ўтади.
Жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда бўладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда ўтказиш учун вилоятда тузилган 861 сайлов участкасида 9 минг 663 нафар комиссия аъзоси фаолият юритади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири