Фарғона шаҳридаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида анъанавий Фарғона вилояти ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади.
Саноат ярмаркасининг очилиш маросимида Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилояти расмийлари, Республикамизнинг турли вилоятлари ва қўшни давлатлардан келган тадбиркорлар, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ярмарканинг саноат ривожи, халқаро ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамиятига алоҳида тўхталди. Импорт ўрнини босувчи экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтириш, бунинг учун ўзаро тажриба алмашиш зарурлиги, бу борада эса мазкур ярмарка муҳим майдон бўлишини таъкидлади.
– Олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз. Фарғонада яқин келажакда саноат маҳсулотлари учун кўргазмалар марказини ташкил этиш режалаштирилган. Унда халқаро ҳамкорлар ҳам фаол иштирок этади. Бу эса вилоятимизда саноатни ривожлантиришда тарихий қадам бўлади, — деди вилоят ҳокими.
Шунингдек, тадбир давомида саноат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган етакчи корхоналар турли номинациялар бўйича тақдирланди.
"Энг яхши саноат корхонаси" номинациясига “UzSungwoo” АЖ муносиб топилди. "Энг яхши маҳаллийлаштирилган маҳсулот" номинацияси “To produce and sell construction” МЧЖ га насиб этди. "Энг яхши электротехника саноати маҳсулоти" номинацияси эса "Blue Carbon” МЧЖ га тақдим этилди.
Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда вилоятда ишлаб чиқариш, инвестициявий лойиҳалар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватланиши натижасида янги корхоналар ишга туширилмоқда. 2024 йилда вилоятда 162 та маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга оширилган бўлса, жорий йилда 175 та лойиҳа ишга туширилади. Мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади ҳамда 251 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, 40 миллион долларлик маҳсулот экспорти режалаштирилган.
Иштирокчилар юртимиз ҳамда вилоятдаги тўқимачилик ва ипакчилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, нефт-газ, қурилиш материаллари, кимё, электротехника, автомобилсозлик тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, истиқболли лойиҳалар ҳамда маҳаллийлаштириш орқали саноат кооперациясига таклиф этилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишди.
Вилоят раҳбари вилоятда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги маҳсулотлар ва илғор ишланмаларни кўздан кечирди, тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди.
[gallery-23962]
Эътиборлиси, ушбу ҳудудий саноат ярмаркасида 200 дан ортиқ корхоналар ўзларининг мингдан зиёд маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Янги турдаги қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, олий ўқув юртларининг ишланмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдиряпти. Ярмарка доирасида тадбиркорлар ўртасида янги лойиҳалар тақдимоти, B2B шаклидаги учрашувлар ва мулоқотлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси 20 июнга қадар ўз ишини давом эттиради.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА