French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси старт олди
21:54 / 2025-10-30

Қарши шаҳрида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Тадбирда маҳаллий ва республика миқёсидаги 200 га яқин йирик саноат корхоналари мингдан ортиқ маҳсулот турлари билан иштирок этмоқда.

Ярмарканинг очилиш маросимида Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва бошқалар иштирок этиб, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ривожланишни саноат тармоғини такомиллаштиришсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини, кейинги йилларда Қашқадарё вилоятида мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш ва кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини қайд этиб ўтди. 

Таъкидланишича, сўнгги беш йилда вилоят саноати ҳажми икки бараварга ўсиб, 40 триллион сўмга етди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 24 фоиздан 27,1 фоизга ошди. Бугунги кунда ҳудудда 5 мингдан ортиқ саноат корхоналари фаолият юритмоқда, сўнгги даврда 1 минг 225 та янги корхона ишга туширилиб, 12 мингта доимий иш ўрни яратилди.

[gallery-26002]

Маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатига экспорт қилинмоқда. Электротехника, чарм, фармацевтика, мебель ва тўқимачилик саноати йўналишларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятда 24 та давлат билан ҳамкорликда 62 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, вилоят саноатининг қудрати табиий ресурслар, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти билан мустаҳкамланмоқда. Жумладан, бу йил ҳудудда ярим миллион тоннадан ортиқ пахта ҳосили етиштирилиб, уни қайта ишлаш натижасида 15 триллион сўмлик саноат қийматига эга маҳсулот ишлаб чиқарилиши, минглаб иш ўринлари яратилиши ва экспорт имкониятлари кенгайиши кутилмоқда.

Ярмарка саноат кооперациясини ривожлантириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва йирик корхоналар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари