Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 сентябрдаги “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида қарорида белгилаб қўйилди.
Мазкур қарорга асосан, 2022 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.
2021 йил 1 октябргача фуқаролар ташаббуси жамғармасида 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 миллиард сўм, “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотлар расмий веб-сайт ва “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади.
Шунингдек, фуқароларнинг ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этилиши даражаси бўйича ҳудудлар рейтинги жорий этилади.
Ҳар бир маҳалла ва овулда “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобиль” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги” ташкил этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА