Қашқадарё вилоятида электр таъминоти соҳасида хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиалига 36 та замонавий электромобил топширилди.
Электромобилларни топшириш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳамда соҳа масъуллари иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, мазкур транспорт воситалари Президент томонидан энергетика соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, аҳолини узлуксиз ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш, шунингдек, корхона фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида ажратилган.

Қайд этилишича, янги электромобиллар электр таъминоти объектларида тезкор хизмат кўрсатиш, авария ҳолатларини бартараф этиш, шунингдек, ходимларнинг ҳаракатланиш имкониятларини яхшилашга хизмат қилади. Шу билан бирга, ушбу ташаббус экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенгайтириш орқали “яшил энергетика” тамойилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Соҳа мутасаддилари томонидан келгусида ҳам “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тизимида замонавий техника ва технологияларни жорий этиш ишлари изчил давом эттирилиши, жумладан, қўшимча 12 та махсус автотранспорт воситаларини олиб келиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.


Маълумот учун, 2026 йилда Қашқадарё вилоятида 585 километрдан ортиқ янги электр тармоқлари ҳамда 151 та трансформатор пунктини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, 3 минг километрдан зиёд электр тармоқлари ва мингдан ортиқ трансформатор пунктларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА