Қишнинг совуқ кунлари энергетика тизимини ҳақиқий синовдан ўтказяпти. Республика бўйича қатъий чоралар кўриляпти. Муаммоларнинг аксарияти чала лойиҳалар, чала ишлар билан боғлиқ бўлиб қоляпти. «Ҳудудий электр тармоқлари» вақтида охирига етказмаган иш бугун қийинчиликларга дучор қиляпти.
Самарқанд вилояти Нарпай туманининг Қозикент қишлоғига 2021 йил давлат дастурига асосан ўтган йилнинг ноябрь ойида бир дона 250 Кв.ли трансформатор ўрнатилган эди. Бироқ орадан бир йил ўтдики, у тармоққа уланмади. Қанча сўроқ-савол, "чопа-чоп"нинг фойдаси бўлмади.
Масала ҳал этилмаслигининг асосий сабаби паст кучланувчи кабель йўқ эмиш. Бир йилдан буён йўқ! «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси ўринбосари Дилшод Носировга ҳамда Самарқанд вилоят «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбарларидан Умид Исоқуловга кетма-кет бир неча бор мурожаат қилинди. Эрта-индиндан у ёғига ўтилгани йўқ.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ учун бир йилда 2,5 км. паст кучланувчи кабель топиш мушкул масалага ўхшайди.
Шу кунларда 40 дан ортиқ хонадон электр энергиясида кучланиш белгиланган меъёрдан пастлиги (ҳозирда кучланиш кўрсаткичи 100-110 Кв.) сабабли деярли чироқсиз ўтирибди. Эски трансформаторда кучланиш жуда паст, шам ёққан билан бир хил. Ахир хонадонларда ёш болали оилалар, беморлар, қанча нуронийлар бор. Маҳалла аҳлининг саволлари, эътирози кундан-кун кучайиб бормоқда.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖдан вазиятнинг жиддийлигини тушунишини, бир йилдан бери чўзилиб келган масалани қисқа муддатда бартараф этишини сўраймиз.
Шербек Бўронов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати