Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2022-2024 йилларда қандай натижаларга эришди?
13:43 / 2025-06-12

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзова 2022-2024 йилларда соҳа ривожи, истеъмолчиларни барқарор энергия ресурслари билан таъминлаш, тизимни рақамлаштириш ва модернизациялаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, ўтган уч йилда соҳада молиявий барқарорликни таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни назорат қилиш, техник инфратузилмани янгилаш ҳамда истеъмолчиларга қулай хизмат кўрсатиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Айни пайтда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ мамлакат бўйлаб 4 миллион 400 минг нафар табиий газ ва 3 миллион 700 минг нафар суюлтирилган газ истеъмолчисига хизмат кўрсатмоқда. 

Шунингдек, 2022-2024 йиллар мобайнида 553 километр газ тармоқлари мукаммал таъмирланди, 19 минг 600 километр газ қувурлари босим остида синовдан ўтказилди. 18 минг 884 километр ер ости газ қувурлари ҳолати махсус ускуналар орқали текширилди. 13 минг 677 километр ер усти тармоқлари эса тартибга келтирилди ва бўялди. Бундан ташқари, 1027 газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирдан чиқарилиб, 185 мингтаси техник тафтишдан ўтказилди. 

Газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш мақсадида 980 минг 380 та хонадонга газ босим ростлагичлар ўрнатилди ва 22 минг 583 та эски газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинди. Автоматлаштириш ва рақамлаштириш лойиҳалари доирасида 3 миллион 908 мингдан зиёд хонадонга “ақлли ҳисоблагич”лар ўрнатилди ва Billing тизимига уланди. Бу, ўз навбатида, масофадан назоратни таъминлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва аҳолининг газ таъминоти бўйича мурожаатларини қисқартиришга хизмат қилмоқда. 

Рақамлаштириш доирасида Тошкент вилояти Паркент тумани ҳамда Хоразм вилояти Шовот туманларида “Автоматлаштирилган маҳалла истеъмоли назорати ва ҳисоби баланси”ни юритувчи инновацион пунктлар синов тариқасида жорий этилди. Бу тажриба республиканинг барча туман ва шаҳарларига босқичма-босқич татбиқ этилади. 

Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда аҳолига 1 миллион 865 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Бунинг учун 845 та ISUZU русумли махсус автотранспорт ажратилди, аутсорсинг тартибида 46 та автотранспорт жалб қилинди. Энг чекка ва бориш қийин бўлган 229 та қишлоққа “йўл танламас” автотранспортлар орқали етказиб бериш йўлга қўйилди. 

– Суюлтирилган газ таъминотида шаффофликни таъминлаш мақсадида “E-Gaz” автоматлаштирилган назорат ва ҳисоб тизими жорий қилинди. Бунда истеъмолчиларга махсус ID-карталар тақдим этилди, 4 миллион 700 минг маиший газ баллонларига бар-кодли ёрлиқлар бириктирилди. Бу электрон тўлов тизимлари орқали қулайлик яратиб, инсон омилисиз назоратга шароит яратди. Мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам такомиллаштирилди. Республика бўйлаб 1104 - Call-марказ фаолияти жорий қилинди. Мавсумий юклама юксалиши инобатга олиниб, филиалларда операторлар сони кўпайтирилди. Жойларда раҳбарлар ва мутахассислар томонидан сайёр ва оммавий қабуллар ташкил этилди, фуқароларнинг минглаб оғзаки мурожаатлари кўриб чиқилди, – дея таъкидлади Д.Жуманиёзова. 

Соҳадаги ривожланишга хорижий ҳамкорлар ҳам жалб этилмоқда. Хусусан, Италиянинг “Terra Nova” компанияси билан АСКУГ тизими муваффақиятли ишга туширилди. Япониянинг “ITO Corporation” компанияси билан синтетик метан ишлаб чиқарувчи қурилмалар синов тариқасида фаолият бошлади. Бу орқали Ангрен шаҳридаги Янгиобод маҳалласида кўп қаватли уйлар синтетик газ билан таъминланмоқда.

 Тадбирда 2025 йил учун режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, жорий йилда истеъмолчиларга 22,9 миллиард м³ (шу жумладан аҳолига 12,5 миллиард м³) табиий газ ва 663,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган. Шунингдек, 180,9 километр газ тармоқлари таъмирланади ва реконструкция қилинади. 52,5 минг дона пункт техник тафтишдан ўтказилади ва 250 минг хонадонга газ босим ростлагичлар ўрнатилади. 

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА